Маълумки, шу кунларда Беларусь Республикаси таълим вазири Игорь Карпенко бошчилигидаги делегация юртимизда меҳмон бўлиб турибди.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда ушбу делегация таркибида юртимизга ташриф буюрган Беларусь Республикасининг Янка Купала номидаги Гродно давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Юрий Белых ўртасида учрашув бўлиб ўтди.


Дастлаб меҳмон институтда мутахассислик фанларидан ўтилаётган дарс жараёнлари билан танишиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан суҳбатлашди ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган тасвирий санъат кўргазмасини томоша қилди.


Учрашувда икки давлат ўртасида сўнги йилларда ҳамкорлик алоқалари жуда ҳам юқори савияда ривожланиб бораётгани, айниқса, таълим соҳасида бу яққол намоён бўлаётгани эътироф этилди. Шунингдек, бадиий таълим соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, биргаликда кадрлар тайёрлаш масалалари ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Янка Купала номидаги Гродно давлат университети мамлакатнинг энг нуфузли университетларидан бири бўлиб, халқаро доирада ҳам катта обрўга эга. Олий таълим муассасаси бугунги кунда 13 халқаро ташкилотларнинг ишларида фаол иштирок этади ҳамда 168 хорижий олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Учрашув якунларига кўра иккала олий таълим муассаси ўртасида илмий тадқиқотлар ва академик фаолиятга оид илмий тажриба ва илмий маълумотлар алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш, талабалар, магистрлар, фан докторларининг ўзаро алмашинувини ташкил этиш, биргаликда дарсликлар, ўқув қўлланмалар, маърузалар, услубий тавсиялар, илмий-амалий шарҳлар, луғатлар ва бошқаларни тайёрлаш, спорт ва маданий тадбирларни ташкил этиш каби бир қатор муҳим масалалар акс этган ҳамкорлик меморандум имзоланди.

Учрашув сўнгида Юрий Белых институт раҳбариятига самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди ҳамда институтда бўлаётган ўқув жараёнлари ва кўргазма унда катта таассурот қолдирганини айтиб ўтди.