Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Театр безаги рангтасвири” кафедраси ўқитувчиси Бахтиёр Назаровнинг 8 март – Халқаро хотин- қизлар кунига бағишланган “Аёл мадҳияси” номли кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

Ушбу кўргазмага ташриф буюрган институт ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Омонилла Салихов институт раҳбарияти номидан Бахтиёр Назаровни кўргазма билан муборакбод этди ҳамда диплом ва эсдалик совғаларини топширди.

Кўргазмада турли даврларда яшаган аёлларнинг 100 та портрети, шунингдек, массагетлар  маликаси Тўмарис, Амир Темурнинг  рафиқаси Бибихоним, ўзбек театри ва киноси актрисаси Лутфихоним Саримсоқова, дунёни нафақат гўзаллиги  билан забт этган,  балки профессионал  ва ижтимоий ҳаётда ютуқларга эришган аёлларнинг ҳам портретлари ўрин олган.

Кўргазманинг барча портретлари  “Дунё аёллари” туркуми остида бирлаштирилган.

Бахтиёр Назаров “Шум бола”, “Уч қиролнинг жанги”, “Йигитча сени кутамиз”, “Оловли ноғоралар” каби  кўплаб ўзбек ва жаҳон классикасига айланган фильмларнинг рассоми ҳамдир. У 1971 йилдан буён кенг қамровлилиги билан ажралиб турадиган аёллар портретлари тўплами устида ишламоқда.

Кўргазмада шунингдек, Бахтиёр Назаровнинг “Аёл мадҳияси” альбом-каталогининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси номидан Бахтиёр Назаровга сиҳат-саломатлик ҳамда келгуси фаолиятларида бунданда улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.