Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 5 март куни Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Театр безаги рангтасвири” кафедраси профессори Бахтиёр Назаровнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Аёл мадҳияси” номли кўргазмаси очилган эди.

Институтнинг ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Омонилла Салихов очилиш маросимига ташриф буюриб, институт раҳбарияти номидан Бахтиёр Назаровни кўргазма билан муборакбод этиб,  диплом ва эсдалик совғаларини топширган эди.

Бугун институт ректори Нодирбек Сайфуллаев кўргазмага ташриф буюриб, намойиш этилаётган асарларни кўздан кечирди. Шунингдек, ташриф давомида  Бахтиёр Назаров билан учрашиб, уни кўргазма билан яна бир бор табриклади ҳамда бу каби кўргазмаларнинг ташкил этилиши ёшлар онгида халқимизга хос бўлган аёлни эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатиш, шу баробарда, оила мустаҳкамлигини таъминлаш каби тушунчаларни шаклланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўз навбатида, рассом ҳам институт раҳбариятига қўллаб-қувватлагани ҳамда ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Шу билан бирга, институтда амалга оширилаётган ўзгаришларни эътироф этиб, бу ўзгаришлар ва яратилаётган шароитлар ёш ижодкорлар тайёрлашда муҳим жараён эканлигини  қайд этиб ўтди.

Таъкидлаш ўринлики, ушбу кўргазма талаба-ёшлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ҳамда бугунги кунда ҳам ёшларнинг ташрифи давом этмоқда.