Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Спорт билан саломатлик сари» шиори остида ўтказилган «Ёшлар спорт ҳафталиги» мусобақалари якунига етди.

Бугун ҳафталик доирасида ўтказилган мусобақаларда ғолиб бўлган ҳамда фаол иштироки билан спорт тадбирининг жозибали ўтишига ўз ҳиссасини қўшган талаба-ёшлар ва жамоаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев иштирокчиларни қутлар экан, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун спортнинг аҳамияти жуда ҳам юқори эканлигини, талаба-ёшлар ҳам ўзларининг бўш вақтларида спорт билан мунтазам шуғулланишлари лозимлигини таъкидлаб, янгидан таъмирланган спорт зали барча спорт анжомлари билан талаба-ёшлар ихтиёрида эканлигини, бўш вақтларида келиб спорт билан шуғулланишлари мумкинлигини маълум қилди.

Спорт ҳафталигида воллейбол мусобақаларида – Амалий санъат факультети, футбол мусобақаларида – Дизайн факультети, баскетбол мусобақаларида – Тасвирий санъат факультети жамоалари ғолибликни қўлга киритди ҳамда институт раҳбарияти томонидан диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Санъатшунослик факультети талабалари гарчи жамоавий ўйинларда ғолиб бўлмаган бўлса ҳам, ўзларининг фаоллиги ҳамда спортга бўлган меҳри билан ажралиб туришди. Ўз навбатида, уларга ҳам махсус соврин топширилди.

Бундан ташқари шахмат, шашка ва стол тенниси каби яккалик баҳсларда ғолиб бўлган ва ўз иштироки билан мусобақаларни янада қизғин ўтишига ҳисса қўшган талаба-ёшлар ҳам муносиб тақдирланди.

Шунингдек, ушбу спорт тадбири доирасидаги барча мусобақаларда ўзининг фаоллиги билан ажралиб турган ва факультети ғалабасига муносиб ҳисса қўшган Дизайн факультети Интерерни лойиҳалаш таълим йўналиши 1-босқич талабаси Данил Шаплов ректор совғаси –  беш юз минг сўм пул мукофотига сазовор бўлди.