Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Кенгашни очиб берар экан, институтда жорий йилнинг 8 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб, шу билан бирга, талабаларнинг соғлиғи, карантин қоидаларига амал қилишларини доимий равишда назорат қилиш лозимлигини қайд этиб ўтди.

Кенгаш мажлисида институт кафедраларининг илмий фаолияти самарадорлигини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган истиқбол режалари бўйича 2021 йил 1-чорагида амалга оширилган ишлар,  институт докторантлари, мустақил изланувчиларнинг охирги 3 ойда олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари, институт профессор-ўқитувчиларининг Аттестация ишларини ОАК га профессор, доцент илмий унвонини олиш учун тақдим этиш масаласи, институт кафедраларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг эгаллаб турган лавозимлардаги 5 йиллик муддати тугаган ҳамда танловга қадар ишга қабул қилинган ўқитувчиларни танловдан ўтказиш масаласи, ўқув-услубий Кенгашининг 2020-2021 ўқув йилидаги фаолияти, институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув адабиётларни нашрга тавсия этиш, Ўзбекистон  Бадиий академияси томонидан анъанавий тарзда  21 апрель – Рассомлар кунига бағишлаб ўтказиладиган “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”га тайёргарлик кўриш  каби институт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, булар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.