Маълумки, юртимизда кейинги йилларда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар, муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимиз дунёга янги қиёфада намоён бўлмоқда. Провардида эса жаҳон ҳамжамияти томонидан жонажон Ватанимизга нисбатан «Янги Ўзбекистон» атамаси қўлланилмоқда.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқитувчилари иштирокида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тасвирий ва амалий санъат усталарининг ижодларида акс эттиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда сўзга чиққан институт ректори Нодирбек Сайфуллаев юртимизда амалга оширилаётган бу ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини кенг оммага етказиш, ёш авлод қалбида ушбу ислоҳотларга дахлдорлик туйғуларини шакллантиришда ижодкорларнинг хусусан, тасвирий ва амалий санъат усталарининг  масъулияти жуда ҳам юқори эканлигини, улар ижодлари орқали ушбу ўзгаришларни бадиий жиҳатдан талқин этишлари лозимлигини таъкидлаб, қўшимча равишда ушбу ислоҳатлар орқали барча соҳалар қатори, санъат ва маданият ҳамда унинг таркибий қисми бўлмиш бадиий таълим соҳаси ҳам тўлиқ қамраб олинганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Шундан сўнг Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлис ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномаларининг аҳамияти, мазмун-моҳияти, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари жамланган видеоролик намойиш этилди.

Давра суҳбати давомида «Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим» кафедраси ўқитувчилари томонидан юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар, буларнинг натижасида халқимизнинг турмуш тарзида бўлаётган ўзгаришлар ҳамда  буларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан  эътироф этилиши акс этган тақдимот ва маърузалар тақдим этилди.

 Давра суҳбати якунида амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимиздаги ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро учун муҳим эканлиги таъкидланиб, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга институт раҳбарияти ва маърузачилар томонидан атрофлича жавоб берилди