Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларнинг ёт ғояларига берилишни олдини олиш, уларни илм-маърифатга ҳамда касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида «Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатини очиб берган Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Шоҳбек Эргашев бугунги ахборот асрида талабалардан талаб этиладиган тушунчалардан бири бу информацияни саралай билиш, айниқса, ижтимоий тармоқларда бўлиши мумкин бўлган ҳар хил провакацияларга учмасликлари лозимлигини, бунинг учун эса яхши билим олиш, адабиёт ва санъатга ошно бўлишлари, бўш вақтларини мазмунли ўткаишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда «Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим» кафедраси доценти, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Дилфуза Жуманиёзова бугунги кунда дин ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли хил оқимларга алданиб қолмаслик, ғараз ниятли кимсаларнинг асл мақсади ва ёшлар онгини заҳарлаш мақсадида амалга оширадиган турли хил хийла-найранглари, соф Ислом дини билан уларнинг умуман алоқаси йўқлиги тўғрисида сўз юритди ҳамда ушбу мавзу тақдимот намойиш этди.

Институт психологи Азиза Алимова талаба-ёшлар билан уларнинг дунёқарашини янада кенгайтириш ҳамда ташқи муҳитда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан тезкор ва аниқ муносабат билдиришга қаратилган психологик тренинг ўтказди.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга давра суҳбати иштирокчилардан батафсил жавоблар олишди.