Рассомнинг яратган ҳар бир асарида унинг борлиққа бўлган муносабати, ўй-фикрлари, дунёқараши акс этади. У ўз ижодида қайсидир маънода ўзини ва ўзлигини, дунёни қандай кўраётганини ва қандай кўрмоқчи эканлигини намоён этади. Томошабин эса ушбу картинага ўз дунёсидан нигоҳ ташлайди. Шунинг учун ҳам яратилган асарлар турлича талқин қилинади, ҳар кўрганда янгича жилоланаверади.

        Бугун Халқаро маданият карвон саройида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Театр безаги рангтасвири” кафедраси ўқитувчиси, ёш истеъдодли рассом Фурқат Бозоровнинг “Сув узра само” номли ижодий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда сўзга чиққанлар ёш ижодкорга омад тилар экан, бугун юртимизда тасвирий санъат ривожига берилаётган эътибор ва ғамхўрлик юксак даражада эканлигини, бунинг натижасида эса санъатга истеъдодли ёш авлод кириб келаётганини, қайд этиб, бундан жуда ҳам мамнун эканликларини баён қилдилар.

Фурқат Бозоровнинг ижодида фалсафий ва халқ оғзаки ижодига асосланган мавзулар, шунингдек, рамзийлик ҳамда минимализм яъни кам нарса орқали кўпроқ нарсани томошабинга етказиб бериш етакчилик қилади. Рассомнинг ўз таъбири билан айтганда, асарларда ортиқча деталлар кўзга ташланмайди. Имкон қадар бор нарсани борича тасвирлашга ҳаракат қилган. Бунда айтилган фикр айни кўринган нарсанинг ўзида мужассамлашган. Aйниқса, охирги яратган ижод намуналарида бу нарса яққол кўзга ташланган.

Aсарнинг ҳар доим икки томони бор. Бири томошабинга кўринган томони бўлса, иккинчи томони муаллифнинг айтадиган фикри, етказмоқчи бўлган ҳиссиётидир. Рассом учун мазмун муҳим ҳисобланади. Тасвирдаги ноодатийлик аввало, томошабинни эътиборини жалб қилиш учун муҳим. Томошабиннни эътибори қозонилгач, унга айтиладиган фикр ва туйғу етказилади.

Фурқат Бозоров ижодида миллийлик ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Рассомнинг фикрича, ҳар бир мўйқалам соҳибининг асарларида унинг ўзига хос миллийлиги акс этиши лозим.

У атрофдаги воқеликни кўрингандек эмас, балки бундан чиқарилиши лозим бўган хулоса билан биргаликда ифодалашга интилади. Бугунги кўргазмада ҳам “Қайтиш”, “Евроневс вақти”, “Сув узра само” ва бошқа кўплаб асарларида айни шу мавзу етакчи ўрин эгаллаганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Рассом бир қанча халқаро ва республика танловларида ғолиб бўлган ҳамда кўплаб кинофильмларда рассом сифатида фаолият олиб борган.

Шунингдек, ижодкорнинг асарлари Aнглия, Франсия, Туркия, Германия, Россия каби хорижий давлатларнинг шахсий коллексияларида сақланмоқда.