Маълумки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг   13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишларида ҳар бир олий ўқув юрти ён-атрофидаги маҳаллалар учун маънавият маркази, маданият ўчоғи бўлиши кераклигини алоҳида таъкидладилар.

Ушбу йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институт ҳам бир қанча маҳаллалар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, ушбу маҳаллаларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар учун турли тўгараклар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этмоқда.

Бугун ана шундай ҳамкорлик ўрнатилган маҳаллалардан бири бўлмиш Яккасарой туманидаги «Абдулла Қаҳҳор» маҳалласида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Тадбирда дастлаб маҳалла ҳудудида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган маҳалла вакиллари учун ўрнатилган ёдгорлик пойига гуллар қўйилиб, ҳақларига дуо ўқилди.

Шундан сўнг институтнинг Санъатшунослик факультети, Музейшунослик кафедраси ўқитувчиси Замира Саъдуллаева ва иктидорли талабалар – Умурзоқова Махлиё ва Жуманазарова Маҳзуналар Иккинчи жаҳон уруши ва унда қозонилган тарихий ғалаба, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналик туйғулари акс этган шеърларини ўқиб беришди.

Ўз навбатида, маҳҳалла раиси Феруза Юсуповна ҳамда нуронийлари бу тадбирдан мамнун эканликларини айтиб, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини, хонадонларимиздан  тинчлик-хотиржамлик ва қут-барака аримаслигини тилаб дуо қилдилар.