Институтда белгиланган режа-жадвал асосида 4-босқич талабалари учун мутахассислик фанларидан якуний назорат кўриклари бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир факультетда мутахассислик фанларидан Якуний назорат учун алоҳида Якуний кўрик (просмотр) раиси тайинланган бўлиб, жумладан, Тасвирий санъат факультетида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, «Маҳобатли рангтасвир» кафедраси профессори Алишер Аликулов, Дизайн факультетида Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Рустам Худайберганов, Амалий санъат факультетида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, доцент Ортиқали Қозоқовлар баҳолаш комиссияси раиси этиб тайинланган.

Мазкур мурожаатда кўтарилган масалалар юзасидан факультет деканлари билан муҳокама қилинганда улар барча талабалар якуний назорат кўрикларида белгиланган тартибда баҳоланганлигини маълум қилишди.

Институтдаги таълим жараёнининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, бакалавриат таълим йўналишларида чизматасвир, рангтасвир, композиция, макетлаштириш, лойиҳалаш, қадоқлаш, лойиҳа ва макет, ашёда ишлаш, китобот санъати, рангшунослик каби бир қатор фанлардан якуний кўриклар (просмотр) бўлиб ўтади.

Бу жараёнда талабаларнинг якуний назорат ишлари фанлар бўйича тасдиқланган дастурдаги вазифаларга мос келиши зарур. Агар талабанинг мутахассислик фанларидан якуний назорат иши комиссия хулосаси билан салбий баҳоланса ёки умуман баҳоланмаса талаба мазкур фандан академ қарздор хисобланади ва белгиланган муддатларда академ қарздор сифатида фанларни қайта топшириш имкониятига эга бўлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил 2 мартдаги «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5953-сон Фармонининг
18 бандига асосан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Республика олий таълим муассасалари талабаларига ўқув йили давомида тенг улушларда камида тўрт маротаба ўқиш учун тўловларни амалга ошириш имконияти берилган.

Унга кўра,  белгиланган тўлов миқдорининг камида 75 фоизи
1 апрелгача ва 100 фоизи 1 июлгача ёки олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатларгача тўланиши белгиланган.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар учун бир қатор енгилликлар берилган бўлиб, улар тўлов-шартнома пулларини тўртга бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлиб, институтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бу ҳақда мунтазам равишда маълумот бериб борилади.

Мурожаатда кўтарилган иккинчи масала юзасидан шуни маълум қиламизки, Республикамизга кириб келган COVID-19 пандемияси муносабати билан 2020 йилнинг апрель ойидан бошлаб, Республикадаги барча олий таълим муасасасаларида дарслар онлайн тарзда давом эттирилди. Шу муносабат билан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Талабалар турар жойи учун ўқув йили сўнгига қадар тўловни амалга оширган ва бугунги кунга қадар ариза билан мурожаат қилган 115 нафар талабанинг ортиқча тўлов сўммаси  уларнинг тўлов-контракт ҳисобига ёки банк пластик карталарига ўтказиб берилди.

Мурожаатчи талаба ҳам факультет декани орқали институт ректори номига ушбу масала юзасидан ариза билан мурожаат қилса, унинг талабалар турар жойи учун амалга оширган ортиқча тўлов сўммаси шу тартибда тўлов-контракт ҳисобига ёки банк пластик картасига ўтказиб берилиши кафолатланади.

Мурожаатчи талабанинг исми-фамиляси аниқ бўлмаганлиги сабабли, у билан мазкур масалани бевосита муҳокама қилиш имкони бўлмади.

Талабалар, уларнинг ота-оналари ва яқинларидан юқоридаги каби масалалар юзасидан бевосита институт раҳбариятига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

Шунингдек, институт раҳбарияти талабалар ва уларнинг ота-оналари  билан доимий мулоқотда бўлиб келаётганини, бундан кейин ҳам уларнинг ҳар қандай мурожаат ва таклифлари юзасидан фикр алмашишга тайёр эканлигини маълум қилади.

Камолиддин Беҳзод номидаги

Миллий рассомлик ва дизайн

 институти раҳбарияти