“Композиция” номли I Ёш ижодкорлар Форуми бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида “Композиция” номли I Ёш ижодкорлар Форуми бўлиб ўтди.

Мазкур Форумдадастлаб институтда педагогик фаолият олиб бораётган, шу билан бирга, ўз ижоди билан юртимиз санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган санъат дарғалари ҳамда ушбу устозлардан таълим олиб, уларга муносиб ворис бўлиб етишаётган талаба-ёшларнинг «Ижод» номли кўргазмаси ташкил этилди. Мазкур кўргазмада тасвирий ва амалий санъат асарлари, турли хил тақинчоқлар, либослар намойиш этилди. 

Шундан сўнг Ўзбекистон халқ рассоми, ёш ҳайкалтарош Жасвант Анназаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳибаси, ёш рангтасвирчи рассом Гулноз Жалоловаларнинг «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам» номли кўргазмасининг тантанали очилиш  маросими ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов, институт ректори Н.Сайфуллаев бугунги кунда юртимиз ёшлари барча соҳаларда янада фаол тарзда меҳнат қилаётгани, ўз истедодларини кенгроқ намоён этиб бораётгани, буларнинг барчаси уларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик натижаси эканлигини таъкидлаб, бу каби тадбирларга фақат институт талаба-ёшлари эмас, маҳаллаларда истиқомат қилаётган ёшларнинг ҳам жалб этилаётгани тадбирларнинг аҳамияти ва натижадорлигини янада оширишга хизмат қилишини қайд этиб ўтди.

Кўргазмадан ўрин олган юртимиз манзаралари, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз акс этган тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик асарлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Институтнинг анжуманлар Форум доирасида залида ЁШ санъатшуносларнинг «Тасвирий санъатда авангард услуби» мавзусидаги чиқишлари ҳамда журналст ва сценарийнавис Барис Бабаевнинг «Авангард. Бўшлиқ. Вақт» номли ҳужжатли фильмининг намойиши бўлиб ўтди.

Шуниндек, Форум доирасида «Тасвирий санъатда композиция ва унинг замонавий муаммолари» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотда мутахассислар бугунги кунда юртимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн, музейшунослик каби соҳаларнинг ривожи учун яратилатган имкониятлар ва бунинг натижасида соҳада кузатилаётган юксалишни эътироф этиб ўтишди ҳамда замонавий тасвирий санъатда композиициянинг аҳамияти, талқини, таниқли ижодкорларнинг композицияга бўлган ёндошуви борасида фикр мулоҳазаларини баён этишди.