
Бугунги кунда тасвирий ва амалий санъат, дизайн, музeйшунослик каби соҳаларга берилаётган эътибор самараси ўлароқ, миллий санъатимизда ўз фикри, услуби ва дунёқарашига эга ёш ижодкорлар авлоди шаклланмоқда.
Ўз ўрнида, бу ижодкорларнинг ижоди, санъатимиздаги янги қарашлар, ўзгаришлар таҳлил этилиши, ўз баҳосини олиши лозим. Бунда айниқса, ёш тадқиқотчилар ва ижодкорларнинг фикр-мулоҳазалари муҳим аҳамият касб этади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўтказилган «Санъат ёшлар нигоҳида» номли магистрантларнинг анъанавий илмий конференцияси ёшларнинг бугунги санъат ҳақидаги қарашлари ва илмий таҳлилларига бағишланди.

Конференцияда институт ректори Н.Сайфуллаев “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори ҳамда мазкур Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янги тарихий даврни бошлаб бергани, мамлакатимизда бадиий ижоднинг барча йўналишлари, айниқса, нафис санъат соҳасида ёшлар ўз билим ва иқтидорини намойиш этишлари учун зарур шароитлар яратилганини таъкидлади.

Илмий анжуманда магистрантларнинг «Ўзбекистон ҳудудида бадиий кулолчилик санъатининг ривожланиши», «Марказий Осиёда ҳайкалтарошликнинг янги тенденциялари», «Миниатюра санъатининг анъанавий ва замонавий ашёлари», “Образ матери в творчестве современных художников запада” ва бошқа бир қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.




Ҳар бир маъруза соҳа мутахассислари томонидан таҳлил этилиб, қатнашчиларга илмий изланишларини янада ривожлантириш борасида тавсиялар берилди.

Конференцияда магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган 113 нафар магистр тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳасидаги бугунги замонавий бадиий жараёнлар, маданий меъросни сақлаб қолиш, мазкур санъат йўналишларининг ривожли йўлида олиб борилаётган изланишлар ҳамда муаммоларга бағишланган мақолалари билан иштирок этди.
Ушбу маърузалар алоҳида илмий тўплам сифатида нашр этилди.



Конференция якунида иштирокчилар институт раҳбарияти томонидан сертификат билан тақдирланди.