Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан Яккасарой туманида жойлашган Абдулла Қаҳҳор маҳалла фуқаролар йиғинида 1 июнь – «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан “Болаларга беринг дунёни” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Арипова болажонларни байрам билан табриклар экан, улар келажагимиз эканлигини, уларнинг  соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етишларида барчамиз масъул эканлигимизни қайд этиб, байрамни ташкил этишда яқиндан кўмак берган институт раҳбариятига барча болажонлар ва маҳалла аҳолиси номидан миннатдорчилик билдирди.

Институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Шароф Агабаев институт раҳбарияти номидан болажонларни «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» қутлаб, уларга келажакда юртимизга муносиб хизмат қиладиган комил инсон бўлиб вояга етишларини тилади ҳамда институт ва маҳалла ҳамкорлиги бундан кейин ҳам мана шундай кўтаринки руҳда давом этишини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида институт талабалари томонидан кўргазма ҳамда маҳорат-дарслари ўтказилди. Шунингдек, иқтидорли талабалар томонидан тасвирий санъатга қизиқувчан болажонларнинг суратлари чизилди ҳамда ушбу суратлар эсдалик сифатида болажонларнинг ўзларига тақдим этилди.

Байрамга йиғилганларга хуш кайфият улашиш мақсадида институт талабалари томонидан дилтортар куй-қўшиқлар, шўх рақслар ҳамда болаларга аталган шеърлар  ижро этилди. Болажонларга турли совғалар тарқатилди.