Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига бириктирилган маҳаллалар билан маънавий-маърифий ҳамкорлик давом этмоқда,
Бугун институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Яккасарой туманида жойлашган Абдулла Қаҳҳор маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди ҳамда МФЙ раиси Феруза Арипова ҳамда маҳалла фаоллари билан учрашди.


Ташриф аввалида институт ректори маҳалла кутубхонасига Муҳтарам Президентимизнинг асарлари жамланмасини совға қилди ҳамда бугунги кун ёшларини китобхонликка ошно қилиш уларнинг етук инсон бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.


МФЙ раиси Феруза Арипова ташриф ва совға учун миннатдорчилик билдирар экан, маҳалла ва олий таълим муассасаси ўртасида ўрнатилган ушбу ҳамкорлик маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшларининг маънавий дунёси янада бойиши, жисмоний чиниқиши учун кўплаб имконият яратаётгани, шу билан бирга, маҳалла ёшлари онгида юртимизда амалага оширилаётган улкан ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шаклланишида муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этиб ўтди.


Бундан ташқари, атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор портретини чизиш ҳамда маҳалла кутубхонасида ёзувчининг асарларини кўпайтиришда амалий ёрдам кўрсатиш, маҳалла ҳудудида ёшлар учун компьютер саводхонлиги бўйича кўчма тўгараклар ташкил этишга келишиб олинди.


Шунингдек, учрашув давомида ҳамкорликни янада кенгайтириш, институтда ташкил этилган тўгаракларга маҳалла ёшларини янада кенг жалб этиш ва бошқа бир қанча масалалар муҳокама қилинди.