Маҳалла кутубхонасида китобхонлар учун қулайлик яратилди

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

Бугун институтнинг Санъат тарихи ва назарияси кафедраси ўқитувчилари – Дилафрўз Бекмирова ва Лола Хаджаева Абдулла Қаҳҳор маҳалла фуқаролар йиғини биносида жойлашган кутубхонага ташриф буюрди.

Маълумки, кутубхона маҳалла аҳли учун зиё улашувчи маскан сифатида қадрли. Шуни инобатга олган ҳолда, профессор-ўқитувчилар мазкур зиё масканидаги мавжуд адабиётларни тартибга солишга кўмаклашдилар. Зероки бу ерга ташриф буюрган ҳар бир китобхон ўзи излаган китобини топиб, керакли маълумотга эга бўлишида мавжуд адабиётлар тартиб билан жойлаштирилиши муҳим.

Шунинг учун ўқитувчилар томонидан адабиётларнинг барчаси рўйхатга олинди ва расмий адабиётлар, тарихий адабиётлар, хорижий адабиётлар, болалар адабиёти,  илмий адабиётлар  бадиий адабиётлар каби турларга бўлинган ҳолда қайта жойлаштирилди.

МФЙ раиси Феруза Арипова ташриф учун миннатдорчилик билдирар экан, маҳалла ва олий таълим муассасаси ўртасида ўрнатилган ушбу ҳамкорлик маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёси янада бойиши, жисмоний чиниқиши учун кўплаб имконият яратаётгани, шу билан бирга, маҳалла ёшлари онгида юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шаклланишида муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этиб ўтди.