Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузуридаги санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи Илмий Кенгашда Эътибор Мирзаназарованинг 17.00.08 – Санъат назарияси ва тарихи (санъатшунослик фанлари) ихтисослиги бўйича “ХХ аср Ўзбекистон либос дизайни: асосий босқичлар ва ривожланиш тамойиллари” мавзусидаги ёзилган диссертация иши ҳимояси бўлиб ўтди.

Илмий раҳбар санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова, расмий оппонентлар санъатшунослик фанлари доктори, доцент Сурайё Алиева, санъатшунослик фанлари  бўйича фалсафа доктори Дилзода Алимкулова.

Ҳимояни Кенгаш раиси, санъатшунослик фанлари доктори Дилафрўз Қодирова олиб борди.

Маълумки, ўзбек либослари доимо диққат марказда бўлиб келмоқда. Унинг ХХ асрда қай тарзда ўзгаргани, қайси тенденциялар таъсир ўтказгани барча учун бирдек қизиқарли ҳисобланади. Мазкур мавзуга бағишланган илмий тадқиқот қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Кенгаш аъзолари тадқиқотчини мазкур ҳимоя билан табриклаб, ҳар бир соҳанинг ривожи ҳамда шакл ва мазмун жиҳатдан бойиши, ушбу соҳанинг қанчалик кенг тадқиқ этилишига ҳам боғлиқ эканлигини, бугунги кунда бадиий таълим  ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик натижасида соҳада бўлаётган ўзгаришларни нафақат эътироф этиш, шунингдек, бу ўзгаришларни илмий жиҳатдан таҳлил этиш ҳам муҳим эканлиги, бу тадқиқотлар соҳанинг кейинги ривожланиш йўналишини аниқлаш ва янгиликлар жорий этиш учун хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаб, тадқиқотчига муваффақият тиладилар.

“ХХ аср Ўзбекистон либос дизайни: асосий босқичлар ва ривожланиш тамойиллари” мавзусидаги ёзилган диссертация иши ҳимояси мувафаққиятли ўтди.