Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

Бугун институтнинг “Бобур” маҳалласида истиқомат қилувчи ёшлар “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамроҳлигида  “Ўзбекистон тарихи” Давлат  музейига ташриф буюрдилар.

Музей – ўтмиш билан бугунни боғловчи маънавият кўприги. Шу боис бу ерда сақланаётган ҳар бир тарихий нақш, сурат, буюм, уй анжоми, аёллар безаги каби нодир намуналардан халқимизнинг қадимий анъана ва қадриятларини ўрганиш мумкин.

Кафедра профессор ўқитувчилари Ўзбекистон тарихи Давлат музейида сақланаётган экспозицияларда Ўзбекистон ҳудудида тарихий-маданий жараёнларнинг энг қадимги даврларидан бошлаб ҳозирга қадар бўлган тараққиётини акс эттирувчи ашёвий далиллар ва тасвирий воситаларда ўзбек давлатчилигининг шаклланиши тарихи, ўзбек халқининг бой анъаналари ва маданияти ифода этилганлигини ёрқин тарихий мисоллар орқали тушунтириб бердилар. Энг қувонарлиси музей маҳалла ёшларида катта қизиқиш уйғотди. Бу каби тадбирларнинг уюштирилиши ёшларимизни тарихимизга, буюк шахсларга, аждодларимиз меросига юксак ҳурмат ва эътибор руҳида тарбиялашга хизмат қилади.