Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Битирув малакавий ишлар ҳимоялари давом этмоқда.

Бугун Тасвирий санъат факултети «Миниатюра ва китоб графикаси» кафедрасининг «Хаттотлик ва миниатюра» ҳамда «Дастгоҳ ва китоб графикаси» таълим йўналиши талабаларининг битирув малакавий ишларига баҳо берилди.

Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Ўзекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Абиджанова битирувчиларни ҳаяжонли ва масъулиятли онлар билан муборакбод этишар экан, миниатюра жанрида яратилган асарларда ҳам анъанавий мавзулар билан биргаликда, бугунги замонавий Янги Ўзбекистон ҳаёти акс этаётганидан хурсанд эканликларини, бу жараённи янада ривожлантириш учун институт барча шароитларни яратаётгани ва бундан кейин ҳам кафедра билан бу борада биргаликда ишлар давом этишини маълум қилишди ҳамда битирувчиларга келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб, ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишларини тилашди.

Ушбу ҳимояда «Хаттотлик ва миниатюра» таълим йўналиши битирувчилари томонидан «Шерри Хилл либослар намойиши», «Шайх Санъон ва Урда Татхур», «Саида Зуннунова хаёти», «Алишер Навоий хаёти», «Сариқ девни миниб» ва бошқа миниатюра композициялари тақдим этилган бўлса, «Дастгоҳ ва китоб графикаси» таълим йўналиши битирувчи талабалари томонидан Габриель Маркеснинг «Юз йил ёлгизликда», «Ўзбек xaлқ эртаклари», «Жахон халк эртаклари тўплами», Худойберди Тўхтабоевнинг «Ширин қовунлар мамлакати» ва бошқа асарлар асосида яратилган китоб безаклари ҳамда «Менинг юртим», «Менинг шаҳрим» ва бошқа мавзулардаги дастгоҳли графика композициялари тақдим этилди.