Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Битирув малакавий ишлари ҳимоялари давом этмоқда.

Бугун Касб таълими: Либос дизайни таълим йўналиши талабаларининг битирув малакавий ишларига баҳо берилди.

Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев битирувчиларни бугунги ҳимоя билан муборакбод этар экан, ушбу битирувчилар нафақат ўқиш ва ўрганиш, балки институтда ташкил этилаётган турли хил танловларда ҳам фаоллигини, шунингдек, талабалар учун яратилган махсус кийимни дизайни ҳам айни шу талабалар ижод маҳсули эканлигини эътироф этиб, институтда ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб янгиликлар амалга оширилаётганини ва бу борада ишлар яна давом этишини маълум қилди ҳамда битирувчиларга келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси  бўлиб, ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишларини тилашди.

Мазкур ҳимояда битирувчилар томонидан “Этно услубдаги коллекция яратишнинг ўзига хослиги”, “Street style” услубини ўрганиш”, “Трикотаж ўрилишларини ўрганиш”, “Замонавий модадаги романтика услуби”, “Турли фактурали материалларни қўллаш”, “Аппликация ва уни қўллаш”, “Болалар учун коллекция ишлаб чиқиш тамойиллари”, “Либосларга декоратив ишлов бериш усуллари”, “Анъанавий либос-илҳом манбаси сифатида”, “Ретро услубини ўрганиш” ва бошқа бир қатор қизиқарли мавзулар ёритилган Битирув малакавий ишлари тақдим этилди.

Айтиш ўринлики, талабалар томонидан яратилган ушбу классик, замонавий ва миллий услубларни уйғунлаштирган ҳолда яратган бир қанча коллекциялар комиссия аъзолари эътиборини тортди.

Улар мазкур либосларга баҳо берар экан, талабаларнинг замон талаби ва услубини яхши тушуна олганликлари, ранглар гармониясини ҳис эта олганликларини эътироф этишди.

Шунинг билан институтнинг 2020/2021 ўқув йили бакалавриат босқичи битирувчиларининг Битирув малакавий ишлари ҳимоялари якунланди. Барча битирувчи талабаларга келажакда ўз мутахассисликлари бўйича етук кадр бўлиб, юртимиз санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшишларига тилакдошмиз.