Маълумки, жорий йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда бугунги кунда олий таълим тизимида кузатилаётган ижобий тенденциялар эътироф этилиши баробарида, мавжуд муаммо ва камчиликлар танқидий-таҳлилий кўздан кечирилди ҳамда олий таълим тизимини келгуси ривожига оид бир қанча вазифалар белгилаб берилди.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида бўлиб ўтган мажлис Муҳтарам Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада институтда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланди.

Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ушбу йиғилишда Давлатимиз Раҳбари томонидан аввало, олий таълим тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар ва профессор-ўқитувчилар учун катта ишонч билдирилганлиги ва шу ишонч асосида уларнинг ваколатлари янада кенгайиб, кўплаб янги имкониятлар яратиб берилганини, ўз ўрнида, бу эътиборга лойиқ бўлиш учун ўз фаолият йўналишидан қатъий назар ҳар бир ходим ушбу вазифалар ижросини таъминлашга масъулият билан ёндошиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Мажлисда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ҳар бир масъул ўз йўналишидан келиб чиқиб “Йўл харитаси”ни тақдим этди ҳамда келгусида институт бошқарув кенгашининг ролини ошириш, ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш,   илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, проректорлар, бўлим бошлиқлари, кафедра мудирлари ҳам булар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдириб ўтишди.

Мажлис якунида барча масъуллар Муҳатарам Президентимиз раҳнамоликларида соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ, олий таълим тизимида фаолият юритиш ҳавас қилса арзирли касбга, фаолият турига айланганини эътироф этиб, соҳанинг келгуси ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун ўз устиларида тинмай ишлашларини ва билим-тажрибаларини доимий ошириб боришларини маълум қилдилар.