Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистонда жаҳон ҳамжамияти билан дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, фан, таълим, санъат, маданият ва дизайн соҳаларида ҳам бу ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Туркиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Кастамону университети вакиллари билан видеоконференция орқали мулоқот бўлиб ўтди.


Самимий руҳда ўтган мулоқотда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Кастамону университети ректори Аҳмет Топал Ҳамди томонидан бугун Туркия ва жаҳонда бетакрор ўзбек маданияти, бой маданий меросига бўлган қизиқиш ортиб бораётгани, ушбу ҳамкорлик иккала томон учун ҳам самарали ва мазмунли бўлиши таъкидланди.


Ушрашув давомида давлатлар ўртасидаги мавжуд маданий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида иккала олий таълим муассасаси илмий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.


Меморандумда ўзаро ходимлар ва талабалар алмашинувини ташкил этиш, қўшма илмий-тадқиқот ишлари фаолиятини йўлга қўйиш, онлайн тарзда маърузалар ташкиллаштириш, семинарлар, конференциялар ва илмий йиғилишларда иштирок этиш, бакалавр, магистр ва докторантлар учун махсус қисқа муддатли илмий дастурлар яратиш каби бир қатор муҳим вазифалар ўз аксини топди.
Шу билан бирга, келгусида бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиш ҳамда ҳамкорликда илмий анжуманлар, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этишга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Кастамону университети 2006 йилда ташкил топган. Айни пайтда 13 та факультети мавжуд бўлиб, уларда 21 минг талалаба таҳсил олмоқда. Шу билан бирга, университет тасарруфида 3 та институт ва 13 коллеж бор.