30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги каби бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган форум 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларни бирлаштирдики, бу улар учун ўз истеъдоди ва кўникмаларини намоён этиши, интеллектуал ва ижодий секцияларда қатнашиши, қизиқарли лойиҳалар яратиш учун ҳамфикрлар топиш имкониятини яратмоқда.

Мазкур  форумда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг иқтидорли ва ижодкор талаба-ёшлари институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда устозлари ҳамроҳлигида фаол иштирок этмоқдалар.

Талабалар бу ерда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаларида эгаллаган билим ва кўникмаларини маҳорат дарслари ҳамда турли хил кўргазмалар орқали намоён этиб, юртимизнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган санъатга ихлосманд  ёшларнинг қизиқиш ва эътирофларига сазовор бўлишди.

Жумладан, “Бадиий кулол” йўналиши 3-босқич талабаси М.Латифжонов томонидан кулолчилик соҳасига қизиқувчи ёшлар учун ташкил этилган маҳорат дарси барчада катта қизиқиш уйғотди. У тадбир меҳмонларига лойни қандай танлаш, илк ўрганувчилар дастлаб нималарга эътибор қаратиши лозимлиги, қўлни қай ҳолатда ушлаб туриш, лой билан қандай муомала қилиш борасида қизиқарли тавсиялар берди. Қизиқувчилар кулолчилик чархида ишлаб кўриш имконига ҳам эга бўлишди.

Тасвирий санъатнинг графика, миниатюра, хаттотлик каби йўналишлари бўйича ўтказилган маҳорат дарсларида эса ёшлар тасвирий санъат бўйича маҳоратларини ошириш баробарида, юртимиз тарихига оид турли қизиқарли маълумотлар ҳам олишмоқда.

Шунингдек, кўргазмада намойиш этилаётган талаба-ёшлар ижодига тасвирий ва амалий санъат асарлари, турли хил тақинчоқлар, либослар ҳам тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Институт талабалари Форум доирасида ўтказилаётган бир қанча танловларда ҳам фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритишди.

Ёшлар Форумининг  кўтаринки руҳда ўтган биринчи куни  таассуротларга бой бўлди.