Навбатдаги халқаро онлайн вебинар ташкил этилди

Бугунги кунда олиб борилаётган илмий изланишлар, юртимиз санъати ва маданиятида рўй бераётган улкан ўзгаришлар халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда ҳамда қизиқиш билан ўрганилмоқда. Дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган конференциялар, учрашувлар ва вебинарларда иштирок этаётган дунё олимларининг бугунги ўзбек санъати ва маданиятига алоҳида эътибор билан ёндошаётганларига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида навбатдаги халқаро онлайн вебинар ташкил этилди. Ушбу вебинарда дунё олий таълим муассасалари рейтингида 70-ўринда қайд этилган Нидерландиядаги Амстердам университети профессори, социология фанлари доктори Жон Ратх ҳам ўзининг «Амалий ва назарий тадқиқотлар ўртасидаги илмий изланишлар» мавзусидаги маърузаси билан иштирок этиб, бугунги дунё илм-фанида янгиланаётган тенденциялар, ўзгаришлар ва янгиликлар, шунингдек, ўзбек олимларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Шунингдек, интитут профессор-ўқитувчилари ҳам «Тасвирий санъат соҳасидаги тадқиқотларда: назария ва амалиёт», «ОТМда «Университет 3.0» моделини жорий этиш орқали талабаларнинг тадбиркорлик салоҳиятини шакллантириш ва ривожлантириш»каби маърузалари орқали бугунги олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳақида фикр юритди.

Шу қаторда, ҳар бир маъруза вебинар иштирокчилари томонидан қизғин муҳокама қилинди ва таклифлар берилди.