Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 2020-2021 ўқув йили магистратура мутахассисликлари битирувчиларининг диссертация ҳимоялари бошланди.

        Дастлаб Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Тасвирий ва амалий безак санъати (турлари бўйича),  Маҳобатли рангтасвир, Дастгоҳли рангтасвир, Кино ва телефильмнинг тасвирий ечими, Мультфильм ва компьютер мультипликацияси, Дастгоҳ ва китоб графикаси мутахассисликлари магистрантлари диссертацияларини ҳимоя қилишди. Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Отахон Оллоберганов раислигидаги комиссия аъзолари диссертацияларни илмий ва ижодий жиҳатларини таҳлил қилиб, баҳолаб боришди.

Куннинг иккинчи ярмида институтнинг Анжуманлар залида Санъат назарияси ва тарихи  ҳамда Музейшунослик: тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш мутахассисликларининг битирувчи магистрантлари диссертацияларини ҳимоя қилишди. Ушбу диссертациялар санъатшунослик фанлари доктори Дилафрўз Қодирова раислигидаги комиссия аъзолари тoмонидан илмий янгиликлари ва долзарб жиҳатлари таҳлил қилиниб, баҳоланди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси бош илмий котиби Феруза Абиджановалар магистрантларни ҳаяжонли ва масъулиятли онлар билан муборакбод этар экан, илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, ёш тадқиқотчиларга шароит ва имкониятлар яратиш ҳам ўз навбатида олий таълим тизимини провардида эса бутун мамалакат ривожини таъминловчи муҳим мезон ҳисобланишини, шу нуқтайи назардан бугун ўзларининг илм дунёсига илк қадамларини қўяётган магистрантларнинг ҳам олдида катта масъулият турганини таъкидладилар.

         Бугунги ҳимояларда Ўзбекистонда қадимий маҳобатли рангтасвир санъатининг ривожланиши, Монументал рангтасвир композицияда масштаб масаласининг назарий таҳлили, “Ёшлик” мавзусидаги асарларнинг композицион ечими ва таҳлили, Архитектурада маҳобатли рангтасвир элементлари: анъанавийлик ва замонавийлик, XIX-XXI аср Бухоро кандакорлигининг технологик ва бадиий хусусиятлари, Ўзбекистон ноанъанавий амалий безак санъати, Образ материнство в современной живописи Узбекистана, Ўзбекистон замонавий фото санъати, Хоразм музейларининг мустақиллик даврида ривожланиши ва такомиллаштириш масалалари ва бошқа бир қатор диссертациялар йиғилганлар эътирборини тортди.

Мазкур диссертацияларда Ўзбекистон Республикаси Президенти    Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 19 июнда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5150-сон Қарорида белгиланган вазифалар ижросига тўхталиб ўтилди.

        Ҳимояларнинг ўзига хослиги шундан иборатки, мутахассислар бу жараёнда мавзуни илмий жиҳатдан ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш баробарида, мавзу юзасидан ижодий ишлар ҳам бажарадилар. Бу эса ўз ўрнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлайди.