ОЛИЙ ТАЪЛИМ – КОРРУПЦИЯСИЗ СОҲА

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Коррупция деганда шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши тушунилади. Коррупция паст иқтисодий кўрсаткичларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб, камбағаллик даражасини камайтириш ва ривожланишни таъминлаш учун энг катта тўсиқ ҳисобланади[1].

 Маълумки, шарқда ўқитувчи, устоз ҳамиша донишмандлик, ахлоқий поклик, ҳалоллик рамзи бўлиб келган. Таассуфки, айрим тамагир, таълимга тасодифан кириб қолган, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўядиган кимсалар туфайли таълим муассасалари халқ назарида маълум даражада обрўсизланди. Илмни ҳар доим ҳамма нарсадан устун қўйиб келган, нопок ишлардан ҳазар қилган, маънавияти ва маданияти юксак бўлган ўзбек халқи учун коррупция мутлақо ярашмайдиган иллатдир. Айниқса, эндигина ҳаёт йўлларида қадам ташлаётган, беғубор қалби, мусаффо кўзлари ила ўз келажагига ишонч билан боқиб турган ёш йигит-қизларни коррупция домига тортиш бу – энг мудҳиш жиноят саналади.

Буюк келажакни ҳар томонлама етук ва юксак малакага эга мутахассис кадрларни тайёрламасдан қуриш мумкин эмаслиги маълум. Шу боис, мамлакатимизда соғлом ва ҳар қандай иллатлардан холи бўлган таълим-тарбия муҳитини шакллантириш бугун ҳар биримизнинг муҳим ва устувор вазифамиз бўлмоғи лозим.

Олий таълим соҳасидаги коррупциянинг асосий ва кенг тарқалган хавф-хатарлари, яъни манфаатлар тўқнашуви, плагиатдан фойдаланиш, ўқишга қабул қилиш ва билимларни баҳолашдаги порахўрлик ҳолатлари, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа масалалар атрофлича тадқиқ қилиш, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитлар таҳлил қилиш долзарбдир.

Бу йўлда тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, таълим тизими софлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, унинг обрўсига путур етказаётган коррупцияни бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз ҳисобланади.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат томонидан олий таълимга долзарб соҳалардан бири сифатида эътибор қаратилиб, уни чинакам «коррупциясиз соҳага» айлантириш мақсадида жадал ислоҳолатлар амалга оширилмоқда.

2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияга бағишланган.

2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонуннинг 11‑моддасида, олий таълим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланишини таъминлаб бериши кўрсатилган[2].

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг 2019 йил 8 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5847‑сонли Фармони қабул қилиниб[3], коррупцияга қарши ку­рашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан ме­ханизмларини жорий этиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республика­сини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар страте­гияси тўғрисида»ги ПФ-4947‑сонли Фармонида, таълим ва ўқитиш сифатини баҳолашнинг халқаро стандартла­рини жорий этиш асосида ОТМ фаолиятининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, ОТМга қабул кво­таларини босқичма-босқич кўпайтириш белгиланган бўлса[4], 2018 йил 5 июндаги «Олий таълим муассаса­ларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамла­катда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тад­бирлар тўғрисида»ги ПҚ-3775‑сонли Қарори асосида олий таълим тизимида амалга ошириладиган ислоҳотлар бўйича «йўл харитаси» тузилди, 2019 йил 11 июндаги «Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5763‑сонли Фармонида, олий таълим соҳасида самарали бошқарув тизимини яратиш кўзда тутилди[5].

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомил­лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5729‑сонли Фармони асосида 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида олий таълим соҳасида «коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш белги­ланди[6]. Давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликларга қара­масдан, соҳада коррупция ҳолатлари, жиддий муаммо ва нуқ­сонлар сақланиб қолмоқда. Шунинг учун биринчи навбатда олий таълим соҳасида мавжуд коррупциявий хавф-хатар­ларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш лозим бўлади.

Бунга эришиш учун эса хориж тажрибасини яхшилаб ўрганиш зарур. Қайси давлат кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратса, ўша ютади. Илмий асосланган тажриба асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш энг муҳим вазифамиздир”, деди давлатимиз раҳбари[7].

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6257-сон Фармонига кўра 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартибнинг жорий этилиши шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб «ҳалоллик вакцинаси» тамойили асосида давлат хизматчиларини мунтазам равишда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларда ўқитиш тизимини йўлга қўйилиши назарда тутилган.

Ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционерга эмас, балки ушбу ҳатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларни бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш ва оқибатларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, коррупцияга имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш энг долзарб масалалардан биридир. Зеро, ҳар қандай давлатда коррупциянинг ривожланиши давлатнинг ички ва ташқи сиёсатига салбий таъсир кўрсатади, натижада жамият аъзоларини мазкур давлатнинг органларига бўлган ишончига путур етказишга олиб келади.

Камолиддин Беҳзод номидаги

Миллий рассомлик ва дизайн инситути

“Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси

катта ўқитувчиси Ш.Ҳ.Ғаниев


[1] Кампос Э.Прадхан С. Аннотация к книге “Многоликая коррупция. Выявление уязвимых мест на уровне секторов экономики и государственного управ”. Альпина Паблишер, 2014 г. с. 101.

[2] Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.09.2020 й., 03/20/637/1313-сон

[3] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар маълумотлари миллий базаси, 2019 й., 06/19/5892/4134‑сон

[4] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар маълумотлари миллий базаси, 2018 й., 07/18/ 3775/1313‑сон.

[5] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар маълумотлари миллий базаси, 2019 й., 06/19/ 5763/3410‑сон.

[6] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар маълумотлари миллий базаси, 2019 й., 06/19/5847/3887‑сон.

[7] Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашувидан. http://uza.uz/uz/posts/shavkat-mirziyeev-ilm-fan-namoyandalari-bilan-mulo-ot-ildi-24-05-2019