Мен бугун вакцина олдим. Зеро, пандемия шароитида бу энг мақбул йўл деб ҳисобладим. Пандемия аслида  (yun. pandemos — ёппасига, халқаро) — эпидемик касалликнинг бир мамлакат, қитъа ёки континентда тарқалиши бўлиб, бу тарқалиш ҳаво томчи йўли билан юқиб, инкубацион даври қисқа юқумли касалликларга хослигидир.[1] Шундан хулоса чиқариш мумкинки, касаллик қисқа вақт ичида жуда кўп инсонларга юқиши ва ўзининг асоратлари билан катта хавф туғдиради.

Шунинг учун ҳам Хитой Уханъ провинциясидан қисқа вақт ичида бутун дунёга тарқалган COVID – 19 пандемияси даври дунёдаги кўплаб давлатлар сингари Ўзбекистон тиббиётини ҳам синовдан ўтказди. Соҳада кўзга ташланган камчиликлар устида ишлаш давлат раҳбари томонидан қаттиқ назорат қилинди. Нафақат соғлиқни сақлаш бўйича балки, аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб қувватлаш бўйича ҳам самарадорлик ва эътибор кундан кунга оширилди. Аҳоли орасида тиббий, ҳуқуқий тарғибот ишлари кучайтирилди. Тиббий ниқоб, антисептик воситалардан фойдаланиш, ижтимоий масофа аҳамияти тўғрисида тушунтириш ишлари барча жабҳаларда ва ОАВ орқали олиб борилди.

Кўрилган чоралар натижасида Ўзбекистонда Covid-19 вирусидан зарарланганлар орасида ўлим даражаси 0,4%ни ташкил этмоқда[2]. Ўзбекистонда касалликдан даволанаётганлар ҳам, касалликда гумон қилинганлар ҳам, карантинда сақланаётганларнинг барчаси бепул, давлат бюджети ҳисобидан даволаниши ташкил этилди. Касалланганларни даволашда иштирок этган тиббиёт ходимлари психологик, маънавий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб қувватланди.

2020 йил 21 апрелдан бошлаб коронавирус билан касалланишлар сони кунлик статистикада тузалганлар сони касалланганлар сонидан ошаётганлиги қабул қилинган қарорлар ва кўрилган чораларнинг самарали эканлигидан далолат беради. Карантин даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан, 141 минг 800 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди, улар, шу қаторда кам таъминланган ва ёрдамга муҳтожларга 43 миллиард 225 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди[3].

Таъкидлаш жоизки, глобал пандемия шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бу янги иш ўринларини яратиш, бозорда талаб ва таклифни шакллантириш, пировардида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун катта имконият ва захира ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари ўз тадқиқотларида глобал пандемия мамлакатлар томонидан самарали механизмлар билан жиловланмаса, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини ифодаловчи схемани ишлаб чиқишган. Унга кўра, ҳукуматлар юқорида таъкидлаб ўтилган ижтимоий ва иқтисодий чора-тадбирларни тегишли тартибда доимий амалга оширмаса, вазият мамлакатда корхоналар фаолиятининг тўхтаб қолиши, ишсизликнинг ортиб кетиши, аҳоли даромади ва жамғармаларининг қисқариш ва оқибатда ялпи ички маҳсулотнинг камайиши иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва камбағаллик даражасини ортишига олиб келиши мумкинлиги асослаб ёритиб берилган.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасида ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.07.2020 й. N ПФ-6038 сонли “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони[4] ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори[5] бу борадаги ишларни тўғри ташкил этишда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида аҳоли орасида касалликка чалинганлар, улар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар назорат остига олинди. Касалланганларнинг барчасига бепул тиббий муолажалар амалга оширилди. Бунинг давоми сифатида эса бугунги кунда аҳолининг турли қатламларига бепул вакцина қилинмоқда.

Вакцина аслида (лотинчадан vaccinus  — «сигир»[6], сўзда ишлатилишида«прививка»[7]) танада ўзига хос антигенга қарши иммунитет пайдо бўлишини таъминлайдиган биологик тиббий маҳсулот ҳисобланади[8]. Одатда вакцина касаллик қўзғатадиган микроорганизмга ўхшаш восита бўлиб, кўпинча микробнинг заифлашган ёки ўлдирилган шаклларидан унинг ташқи оқсилларидан тайёрланади.  Бу жараён вакцинация яъни эмлаш жараёни сифатида тиббиёт соҳасида барчага маълум.

Эмлаш жараёни жуда қадимий илдизга эга. Илк бор X асрда Хитойда инсон хасталикка қарши эмланган бўлиб, соғлом инсонга иммунитетини кучайтириш мақсадида чечак кўпиклари берилган. Орадан саккиз аср ўтиб британиялик шифокор Эдвард Женнер ҳамшираларнинг тез-тез сигир чечагини юқтиришлари, лекин ҳалокатли қора чечакка чалинмаслигига эътибор берган.

1796 йил Эдвард Женнер 8 яшар Жеймс Филипсда тажриба ўтказган ва унга сигир чечаги юқтирилган. Орадан бироз вақт ўтиб, болада хасталик симптомлари пайдо бўлган. Соғайгандан кейин доктор Женнер Жемйсга қора чечак вирусини юқтирган. Аммо болага ҳеч нарса қилмаган: сигир чечаги унинг иммунитетини мустаҳкамлаган[9].

Шу тариқа 1798 йил Эдвард Женнер экспериметининг натижалари эълон қилинган ва ўшанда илк бор “вакцина” сўзи пайдо бўлди.

Сўнгги юз йилда эмлаш туфайли хасталикларнинг зиёнини кескин камайтириш имконияти туғилди. 1969 йили қизамиққа қарши илк вакцина юзага келгунига қадар, қизамиқ дунё бўйлаб 2 миллион 600 минг инсоннинг ёстиғини қуритган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг маълумотларига кўра, 2000 йилдан 2017 йилгача дунё бўйлаб қизамиқдан ўлимлар сони 80% камайган.

Атиги бир неча ўн йил олдин миллионлаб инсонлар полиомиелит қурбонига айланганлар – юқтирганлар ё ҳалок бўлганлар ёки бир умр фалаж бўлиб қолганлар. Бугунги кунда бу хасталик деярли йўқ бўлган. Шу билан бир қаторда замонаий вакцина пайдо бўлиши билан уларга қарши исён ҳам бошланган. Бошида бунинг сабаби диний қилиб кўрсатилган – кўпчилик вакцина тоза эмас, деб ҳисоблаган ва ўзларига танлов имконияти берилмаётганидан ғазабланганлар.

XIX аср бошида Британияда эмлашга қаршиларнинг гуруҳлари ташкил этилган, улар касалликларни даволашнинг муқобил йўллари, жумладан беморни жамиятдан ихоталаб (ажратиб) қўйишни таклиф этганлар. Сўнгги йилларда дунё бўйлаб антивакцина ҳаракати яна жонланишига лондонлик врач Эндрю Уэйкфилднинг ҳисоботи сабаб бўлди. У 1998 йилдаги ҳисоботида MMR вақцинаси аутизм ва ичак касалликларига сабаб бўлади, деган хато хулосани илгари суриши сабаб бўлди.

MMR – қизамиқ, эпидемик паротит(тепки) ва қизилча хасталиклари олдини олиш мақсадида жорий этилган вакциналарнинг жамламаси ҳисобланади. Эндрю Уэйкфилд хулосасининг нотўғрилиги исботланиб, унинг номи Британия тиббий регистридан ўчирилганига қарамасдан, болаларнинг MMR вакцинасидан оммавий воз кечилгани ҳолатлари кузатилди. Биргина 2004 йилнинг ўзида MMR билан эмланган Британиядаги болаларнинг сони 100 мингга камайиб кетди. Оқибатда мамлакатда қизамиққа чалиниш статистикаси кўпайди.

Охирги вақтларда эмлаш-вакцинация мавзуси кенг сиёсатлаштирилди. Мисол учун, Италия Ички ишлар вазири Маттео Салвини ўзини эмлашга қаршилар тарафдори деб ҳисоблашини эълон қилган. АҚШнинг 45 -Президенти Доналд Трамп, бирор бир исботини келтирмасдан эмлашнинг аутизмга алоқаси бор, деган баёнот берган. Бироқ яқинда ота-оналарни болаларини эмлашга чақирди.Ўтказилган халқаро тадқиқотга кўра, дунёда эмлашга нисбатан муносабат яхши. Аммо Европада эмлашга ишонч даражаси паст экани, айниқса, Францияда одамларнинг вакциналарга ишончи паст экани аниқ бўлган.

Эмлаш аҳолининг аксар қисмида, айниқса, иммунитети кучсиз ва вакцина олмаган инсонларнинг орасида хасталик тарқалишининг олдини олади. Буни коллектив иммунитет деб атаса ҳам бўлади. Агар бу жамоавий иммунитетга шикаст етса, кўплаб инсонлар учун хавф юзага келади. Коллектив иммунитетни соғлом ушлаб туриш учун талаб қилинадиган инсонларнинг асосий фоизи хасталик турига қараб бир-биридан фарқ қилади. Мисол учун қизамиқ тарқамаслиги учун аҳолининг 95 фоизи эмланган бўлиши, юқумлилиги қизамиққа нисбатан кучсиз бўлган полиомиелит учун 80 фоиз эмлаш талаб қилинади. Ўтган йили Бруклиндаги яҳудий ортодокс жамоаси аъзолари “вакцинанинг аутизм хасталигига алоқаси бор” деб ёзилган ёлғон варақаларни тарқатдилар. Ушбу жамоа аъзолари охирги ўн йилликларда АҚШдаги энг йирик қизамиқ эпидемияси сабабчилари бўлдилар.

Бундай пандемия шароитида текширувлар ва назоратдан ўтган вакцина олиш, соғлигимизни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир олға қўйилган қадамдир. Бугунги кунда вакциналар билан оммавий эмланиш жараёнида салбий оқибатларга олиб келган ёмон ҳолатлар аҳоли орасида қайд этилгани йўқ. Тахминан вакцина билан эмланган аҳолининг 1% да тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик каби ҳолатлар кузатилди. Бу дегани ҳеч қандай ножўя таъсирга эга эмас, десак ҳам бўлади.

Умуман, вакциналарни яратиш жараёни катта назорат остида ташкил этилади. Аввал у турли лаборатория синовларида текширилади.

Пандемия натижасида вужудга келган вакцинация жараёни тарихда ва ҳозирги замонда ҳам устиворлигини кўрсата билган. Фуқароларимизнинг вакцинани қабул қилиши ўз соғликлари учун босилган дадил қадамдир. Бу эса кишини “Мен вакцина олдим – сиз олдингизми?” акциясида фаол бўлишга ундаб қолади. Чунки, инсонлар доимий равишда жамоа бўлиб яшаб келади ва яшашда давом этади. Улар бир-бирларига эҳтиёж сезадилар. Вакцина қабул қилиш эса инсон саломатлигини мустаҳкамлайди, инсонларни ўзаро муносабатларининг жипслашувига имкон беради. Бунда инсон саломат бўлиши зарур. Инсон саломатлиги эса ҳамма нарсадан устун. Коронавирус пандемиясидан қандай сақланиш ҳам ўзимизга боғлиқ. Шу сабаб саломатлик йўлида вакцина олайлик. Ўзингиз ва яқинларингиз соғлигига бефарқ бўлманг.

Камолиддин Беҳзод номидаги МРДИ

“Ижтимоий фанлар, педагогика ва

 касбий таълим” кафедраси ўқитувчиси

Мухайё Умарова


[1] Ўз МЭ 1 жилд. Тошкент. 2000.

[2] https://cbu.uz/oz/press_center/releases/214554/

[3] https://t.me/mahallavaoilainfo

[4] https://president.uz/uz/lists/view/3515

[5] https://mehnat.uz/uz/news/2019-yilda-uzbekistonning-ishsizlik-darazhasi-qancha

[6]Жаров С.Н.// Большой Кавказ – Великий канал. (Электронный ресурс). 2006.

[7] Жданов Дзагуров С. Г., Салтыков Р. А. // Большая медицинская энциклопедия: в 30 т. / гл. ред. Б. В. Петровский. — 3-е изд. — М. : Советская энциклопедия, 1976. — Т. 3 

[8] // Большая медицинская энциклопедия: в 30 т. / гл. ред. Б. В. Петровский. — 3-е изд. — М. : 

[9] https://kun.uz/news/2021/01/01/vaksinalar-tarixi-ular-dunyoga-qanday-naf-bergan