Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаевнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари остонасида турган абитуриент-ёшлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаати.

Ассалому алайкум, ҳурматли ота-оналар!

Қадрли абитуриент-ёшлар!

Ҳозирда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари остонасида турибмиз. Бу жараённинг натижаси юртимиз келажаги учун бевосита алоқадор бўлгани учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Аввало, кириш имтиҳонларида барчангизга омад ёр бўлишини тилаб қоламан

Бугун сизлар танлаган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти юртимиздаги тасвирий ва амалий санъат, дизайн, музейшунослик, санъатшунослик йўналишларида мутахассис тайёрловчи етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.

Бу ерда ўз ижодий ва илмий фаолияти билан нафақат юртимиз балки, жаҳон санъати ривожига ҳисса қўшиб келаётган улуғ устозлар ва ушбу мактаб таълимини олган ёш умидли профессор-ўқитувчилар талабларга санъат сирларидан сабоқ бериб келмоқдалар.

Шу билан бирга, Муҳтарам Президентимиз томонидан санъат ва маданият ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик самараси ўлароқ, бадиий таълим соҳасида кўплаб янгиланишлар ҳамда ютуқлар кўзга ташланмоқда. 2020 йилнинг 21 апрель куни эълон қилинган «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Қарори ҳамда жорий йилнинг 8 январь куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада янги тарихий даврни бошлаб берди.

Мазкур ҳужжатларда институтимиз фаолиятини янада такомиллаштиришга доир бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Азиз абитуриентлар!

Ҳурматли ота-оналар!

Шу нарсага ишончингиз комил бўлсинки, қабул ва имтиҳон жараёнлари адолатли ва шаффоф ҳамда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этилиши учун институтимизда барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, 2019 йилги қабул жараёнларидан эътиборан, барча имтиҳон жараёнлари видеокузатув камералари ёрдамида ёзиб олинади ҳамда институт расмий веб-сайтида онлайн тарзда намойиш этилади. Абитуриентларнинг бажарган ишларини баҳолашга комиссия раиси сифатида институтда фаолият юритмайдиган таниқли ижодкор рассомлар, ҳайкалтарошлар, амалий санъат усталари, дизайнерлар, санъатшунослар, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, Ўзбекистон халқ рассомлари ҳамда Ўзбекистон санъат арбоблари жалб этилиб, имтиҳон натижалари шу куннинг ўзида институт веб сайти орқали эълон қилинади.

Энг асосийси, қабул жараёнларида коррупция, таниш-билишчилик каби жирканч ҳолатлар кузатилмаслиги учун институт томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда барча зарурий чоралар кўрилади. Бугун талабаликка тавсия этиладиган ёшлар соҳанинг эртасини белгилаб беришини англаган ҳолда, бу жараёнга институтнинг барча ходимлари жиддий эътибор билан ёндошмоқдалар.

Ўз навбатида, сизлар ҳам бу жараёнда бегона кишиларга эмас, иқтидорингиз ва билим салоҳиятингизга ишонинг!

Ҳурматли ота-оналар, шуни унутмангки, бугунги тутган оқилона йўлингингиз натижасида фарзандингизнинг келажагини янада ёрқинроқ бўлишига ҳисса қўшган бўласиз. Ҳалоллик ва поклик қоидалари асосида тарбиялаб, вояга етказган азиз фарзандингизнинг катта ҳаётга қўяётган илк қадамларини коррупция ва фирибгарлик каби жирканч иллатлар таъсирида бўлишидан асранг.

Шу билан бирга, имтиҳон ўтказиладиган бинога келиш ва кетишда ҳамда имтиҳон жараёнларида карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишини таъминланг. Чунки пандемия шароитида нафақат ўзимиз, балки ён атрофимиздаги инсонларнинг соғлиғи учун ҳам масъул бўлмоғимиз лозим.

Ҳурматли ота-оналар ва ёшлар, яна бир бор барчангизга сиҳат-саломатлик ҳамда кириш имтиҳонларида омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

Нодирбек Сайфуллаев,

Камолиддин Беҳзод номидаги

 Миллий рассомлик ва дизайн

институти ректори.