Унда спикер сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир ТОШҚУЛОВ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбай ШАРИПОВ, Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек САЙФУЛЛАЕВ ҳамда Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор РАЖАБОВ иштирок этди.

Маълумки, айни пайтда юртимизда қабул жараёнлари, алоҳида иқтидор талаба этувчи таълим муассасаларида эса касбий (ижодий) имтиҳонлар давом этмоқда.

Албатта, маълум бир даврда кириш имтиҳонлари коррупция ва адолатсизлик ҳолатлари энг кўп учрайдиган жараёнлардан бири сифатида қайд этиларди. Шунинг учун ҳам олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар айни шу тизимни ислоҳ қилиш, шаффофликни таъминлашдан бошланди.


Масъуллар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда имтиҳон жараёнларида шаффофликнинг таъминланиши натижасида бу каби салбий ҳолатлар йилдан йилга камайиб бормоқда. Аммо, соҳа ходимлари эмас, фирибгарлар инсонларни алдаб моддий манфаат кўришни мақсад қилишмоқда.


Пресс-клубда айни шу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Конгратбай Шарипов, Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов ота-оналарга мурожаат қилиб, ҳалоллик ва поклик қоидалари асосида тарбиялаб, вояга етказган азиз фарзандининг катта ҳаётга қўяётган илк қадамларини коррупция ва фирибгарлик каби жирканч иллатлар таъсирида бўлишидан асрашларини, бугун ўқишга киритишга сарфламоқчи бўлган маблағни унинг сифатли билим олишига сарф қилишларини, фирибгарларнинг тузоғига тушмаслик учун фақат фарзандининг билим салоҳиятларига ишонишлари лозимлигини таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, олий таълим тизимида бўлаётган ислоҳотлар, ўқишни кўчириш, магистратурага кириш имтиҳонларида бўлаётган ўзгариш ва бошқа бир қатор долзарб масалаларга тўхталиб ўтилди ҳамда томошабинлардан келиб тушган саволларга ҳам атрофлича жавоб берилди.

Бундан ташқари, вакцинация масаласи ҳам муҳокама қилиниб, бугунги кунда вирусни жиловлаш ва саломатни асрашнинг энг самарали йўли вакцина олиш эканлиги таъкидланди.

Халқаро пресс-клубнинг мазкур сони «Ўзбекистон 24» телеканали орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.