Ўзбекистон Мустақилликни қўлга киритган чоғда мен энди ўрта мактабни тамомлаб олийгоҳ талабасига айланган эдим. Яъни катта ҳаётга илк қадамларим, Ватанимиз жаҳон саҳнига мустақил суверен давлат сифатида қадам қўяётган даврга тўгри келди.

Шунинг учун ҳам бу даврдаги воқеа-ҳодисаларни теранроқ англаш, бошқа ракурсдан ҳис этиш имконига эга бўлдим. Ўша даврларни хотирлар эканман, кўпчилик инсонлар онгу тафаккурида ҳали озодлик деган туйғу шаклланиб улгурмаганига гувоҳ бўлдим.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини тантана қилар эканмиз, ўша инсонлар билан бугунги давр инсонларини беихтиёр солиштирасан киши. Бугун инсонларнинг тафаккурида мана шу фаровон кунларга шукроналик, эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч ҳукмрон. Бунинг сабаби биз мустақил ва озод юртда яшаётганимиз, улғайганимиз деб биламан.

Мустақилликнинг илк даврларида талаба сифатида бўлаётган ўзгаришларга гувоҳ бўлган бўлсам, ундан кейин турли вазифаларда фаолият олиб бордим. Ўтган давр мобайнида доимо қалбимда юксак ифтихор, қувонч ҳисси билан меҳнат қилдим. Негаки, менинг фаолиятим бевосита озод Ватан тақдири билан боғланганини, менинг ҳар бир ютуғим Ватанимнинг ютуғи эканлигини, қилаётган меҳнатларим Ватан тараққиёти учун кичик бир ҳисса эканлигини ҳис этиб яшаяпман. Мана шу туйғунинг ўзиёқ мустақиллик юксак неъмат эканлигини исботи, десам янглишмайман.

Ҳеч шубҳасиз, кейинги беш йиллик давр Ўзбекистон тарихида алоҳида аҳамият касб этади. Чунки айнан мана шу даврда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига янги қиёфада, очиқлик ва ошкоралик, ўзаро ишонч, қўшни давлатлар билан алоқада эса яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларини сарбаланд тутган ҳолда алоқа ўрнатди.
Юртимизда Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Янги Ўзбекистон ва учунчи Ренессанс ғоялари амалга тадбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон» газетасида жорий йилнинг 17 август куни «Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда» сарлавҳаси остида нашр этилган суҳбатларини ўқиган ҳар бир юртдошимиз бу ғояларнинг мазмун-моҳиятини, ундан кўзланган мақсадни янада теран англади, десам янглишмайман.
Мен ҳам мана шу юрт фарзанди эканлигимдан, шу юртда яшаб Ватанимиз равнақи йўлида меҳнат қилаётганимдан фахрланаман.
Бугун Янги Ўзбекистоннинг санъати ва маданияти ҳам тарихий анъаналар ва замонавий қарашлар уйғунлигида ўзининг янги ривожланиш босқичига чиқиб бормоқда.

Юртбошимизнинг «Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади» дея айтган фикрлари шу юртнинг ҳар бир фарзанди қалбидан чуқур ўрин олиб, эртанги кунга бўлган юксак ишонч тимсолига айланди десам, муболаға бўлмайди.

Қадрли юртдошлар!
Ҳурматли устозлар!
Азиз талаба-ёшлар!

Фурсатдан фойдаланиб Сизларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан чин юракдан самимий муборакбод этаман!

Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик ҳамда Ватанимиз равнақи йўлидаги самарали фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман!

«Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик»!

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори