Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Анжуманлар залида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Қалбим ардоғидасиз, азиз устозим!» деб номланган байрам тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир институт фаесида профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар томонидан «Қалбим ардоғидасиз азиз устозим» деб номланган кўргазма билан бошланди. Мазкур кўргазмадан таниқли устозлар портрети, ўқитувчилик касбига ҳурмат, унинг инсон ҳаётида тутган ўрни акс этган бетакрор асарлар ўрин олди ҳамда тадбир иштироклари бўлмиш устоз-муарббийларда илиқ таассурот қолдирди.

Байрам тадбири аввалида йиғилганлар эътиборига талаба-ёшларнинг табриклари, эзгу тилаклари ва устозлари томонидан берилаётган таълим-тарбиянинг аҳамияти борасидаги фикр ва мулоҳазалари жам бўлган видеоролик ҳавола этилди.

Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Абиджановалар тантанали маросимда сўзга чиқар экан, барча профессор-ўқитувчиларни байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, ўқитувчиларнинг жамиятда тутган мавқейи ҳамда касбга бўлган ҳурмат янада ошиб бораётганини, шу қаторда, жонкуяр устозларимиз ҳам ўз касбига фидоийлик билан ёндашиб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўша оладиган етук инсонларни, етук мутахассисларни тарбиялаб келаётганини қайд этиб, худди шундай бугун бу ерга йиғилиб турган ҳар бир ўқитувчининг ҳам зиммасида юртимиз санъатини эртанги ривожи учун хизмат қиладиган ижодкорларни тарбиялашдек улкан масъулият бор эканлигини такидлашди ҳамда мана шу вазифани шараф билан уддалашларида куч-қувват ва улкан ижодий зафарлар ёр бўлишини тилашди.

 

Шу билан бирга, узоқ йиллик фаолияти давомида кўплаб шогирдлар етиштирган, бадиий таълим ривожига ҳисса қўшиб келаётган, инсоний фазилатлари билан институт жамоаси ва касбдошлари ўртасида ҳурмат қозонган бир қанча профессор-ўқитувчиларга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда институтнинг дипломлари, шунингдек, эсдалик совғалари топширилди.
Институтда таҳсил олаётган талаба-ёшлар томонидан тақдим этилган устозлар ҳамда уларнинг шарафли ва машаққатли меҳнатлари мадҳ этилган «Омон бўлинг устозим» деб номланган шеърий гулдаста, шунингдек, Ўзбекистон давлат сатира театри ижодкорларининг ҳазил мутойибалари ҳамда таниқли санъаткорларнинг гўзал куй ва қўшиқлари устозлар учун ҳақиқий байрамона туҳфа бўлди.

– Бугун ўқитувчилик касбини танлаганимдан яна бир бор фахрландим. – дея ўз таассурорлари билан ўртоқлашди санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Эътибор Мирзаназарова. – Олиб бораётган фаолиятимиз шунчалик қадрланаётганидан, жамиятимизда ўқитувчи касби энг улуғ касблар қаторида эътироф этилаётганидан мамнунман ҳамда ушбу чиройли тадбир ва эътироф учун институт раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.