Бенжамин Годвин институтда меҳмон бўлди.

Маълумки, ўзбек санъати, хусусан, тасвирий ва амалий санъати доимо жаҳон ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлиб келмоқда.

Юртимизда бадиий таълимга ихтисослашган етакчи олий таълим муассасси бўлмиш Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам айни пайтда бир қанча хорижий ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда.

Ушбу ҳамкорлик доирасида бир томондан хорижий тажриба ўрганилиб, институтга тадбиқ этиб келинаётган бўлса, иккинчи томондан хорижлик меҳмонларга тасвирий ва амалий санъат соҳасида юртимизда эришилган ютуқлар ҳам намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига халқаро кузатувчи сифатида Буюк Британиядан ташриф буюрган PRISM – таҳлил маркази ҳамраиси Бенжамин Годвин институтда меҳмон бўлди.

Мазкур ташрифда унга институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамроҳлик қилди ҳамда институтда ташкил этилган ўқув жараёнлари, талабалар учун яратилган имкониятлар, улар эришган муваффақиятлар, шунингдек, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар томонидан яратилган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан яқиндан таништирди.

Меҳмон Ўзбекистон Бадиий академияси акдемиги, Ўзбекистон халқ рассоми, таниқли ижодкор Жавлон Умарбеков устахонасида ҳам бўлиб, дарс жараёнлари билан яқиндан танишди ҳамда рассом билан тасвирий санъат, хусусан, Буюк Британия ва ўзбек рассомлари ижоди тўғрисида суҳбат қурди.

Суҳбат якунида Жавлон Умарбеков меҳмонга ўзининг ижодий каталогини ҳам тақдим этди.
Шунингдек, ташриф давомида Бенжамин Годвин «Дизайн» кафедраси мудири Нилуфар Маннапова билан ҳам учрашиб, интерьер дизайни соҳаси, унинг йўналишлари борасида ҳам фикр алмашди ҳамда ўзбекона безаклар тўғрисида ўзини қизиқтирган маълумотларни ҳам олди.

Ташриф якунида меҳмон самимий қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, юртимизга учинчи бор ташриф буюраётгани ва ҳар ташрифидан улкан таассуротлар олганини, бугун ҳам институтга ташрифи давомида ўзи учун улкан маълумотлар олганини, шунингдек, ўзбек миллий санъати унинг учун доимо энг қизиқарли соҳалардан бири бўлиб қолишини таъкидлади. Шунингдек, келгусида уйини ҳам шарқона безаклар билан безаш ниятида эканлигини маълум қилди.