Мунаввар Аван Амна хоним ташриф буюрди.

Маълумки, бугунги кунда барча соҳалар қаторида олий таълим тизимида ҳам хорижий ҳамкорлик алоқалари жадал суратлар билан ривожланиб бормоқда.

Жумладан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам хорижий олий таълим муассасалари билан бир қанча ҳамкорлик меморандумлари имзоланган, шунингдек, кадрлар алмашинуви, ҳамкорликда илмий-амалий конференциялар доимий равишда ўтказилиб келинмоқда.

Бугун ҳам институтга покистонлик машҳур олима, давлат ва жамоат арбоби, Аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича Федерал Савдо-саноат палатаси (FPCCI) раиси, «Mélange Business and Consultation» дизайн компаниясининг бошқарувчи директори Мунаввар Аван Амна хоним ташриф буюрди.

Хорижлик меҳмон ташриф аввалида институтда ташкил этилган ўқув жараёнлари, талабалар учун яратилган имкониятлар, улар эришган муваффақиятлар билан яқиндан таништирилди.
Мазкур ташрифда меҳмонга санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова ҳамроҳлик қилди ҳамда Либос дизайни ҳамда Тасвирий ва амалий санъат таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда Мунаввар Аван Амна хоним ўзининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ўз брендини яратиш, уни тарғиб қилиш ва ривожлантиришда нималарга эътибор қаратиш, бугунги кунда дунё мода соҳасида бўлаётган ўзгаришлар, урфга кирган услублар ва уларнинг ўзгаришини баҳолаш каби бир қанча мавзулардаги бир қанча муҳим маълумотлар билан ўртоқлашди.

Шунингдек, талабаларни қизиқтирган бир қанча саволларига ҳам атрофлича жавоб бериб ўтди.