Навоий вилоятига ташриф

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ҳамда 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг 2021 йил 23 ceнтябрдаги 129-сонли буйруғига асосан Тасвирий санъат факультети декани Шихназар Жуманиязов, «Чизматасвир» кафедраси ўқитувчиси Зуҳриддин Қиёмовлар биргаликда 31 октябрь куни Навоий вилоятига ташриф буюрдик.

Мазкур хизмат сафари доирасида ҳам режага мувофиқ 1 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги Навоий ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати (Нурота шаҳри)да бир қатор тадбирлар ўтказдик.

Дастлаб мактаб директори Акром Якубов бошчилигидаги педагог-ўқитувчилар ва ўқувчилар билан учрашув ўтказилди ўтказилди ҳамда бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунинг натижасида олий таълим таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, бадиий таълим тизими ривожи учун берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида батафсил тўхталиб, бу эътибор ва ғамхўрликнинг институт ҳаётига таъсири, ижодкор-ёшлар учун яратилган шароитлар, жорий этилаётган янгиликларга тўхталиб, юртимиздаги бадиий таълимнинг бугунги ривожида институтнинг ҳам ўзига хос ўрни бор эканлиги, бу даргоҳда ҳозирги кунда ўз ижодий ва илмий фаолияти билан нафақат юртимиз, балки жаҳон санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли Устозлар ҳамда уларга муносиб издош бўлиб келаётган ёш иқтидорли педагоглар фаолият олиб бораётганини таъкидланди.

Ўқувчиларга институт ҳаёти ҳақида батафсилроқ маълумот бериш мақсадида дарс жараёнлари, иқтидорли талабалар ҳаёти, Талабалар турар жойида яратилган шароитлар акс этган видеороликлар ҳам намойиш этилди.
Ўқувчилар ҳам ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.

Мактаб миқёсида «Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда» номли кўрик-танлов ўтказилиб, бу танлов мактаб ўқувчилари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ҳамда улар томонидан 100 га яқин ижодий ишлар тақдим этилди. Ғолиб ва совриндорлар институт томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.

Айтиш ўринлики, мазкур мактаб-интернатини ўтган ўқув йилида жами 13 нафар битирувчи тугатган бўлиб, шулардан 8 нафари турли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Хусусан, 5 нафар битирувчи Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси ҳисобланади.
Маълумки, институтимизда талабалар контенгетининг асосий қисмини ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатларининг битирувчилари ташкил этади.

Шу маънода, ушбу сафардан кўзланган асосий мақсад ушбу ёшларга институтнинг бугунги, унда амалга оширилаётган ишлар, талабаларга яратилаётган шароитлар билан яқиндан таништириш, провардида эса ёшлар қалбида олий таълимга бўлган ҳавас ва инстилишни янада ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашдир.

Шунингдек, ташриф давомида Навоий Санъат галереясининг фаолияти билан ҳам танишдик.
Сафар давомида бизга галерея директори, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Навоий вилояти бўлими бошлиғи Суҳроб Қодиров ҳамкорлик қилди.

Хизмат сафаримиз давом этмоқда. Хусусан, эртага Самарқанд вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига ташриф режалаштирилган.

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори