«Давр ва рассом» номли Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 майдаги Раҳим Ахмедов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбирларни ташкил этиш тўғрисидаги”ги 31/1-990-сон чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Давр ва рассом» номли Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбек рангтасвирининг етук намоёндаси, миллий рангтасвиримиз шаклланиши ва ривожида ҳамда маҳаллий рассомлар етишиб чиқишида улкан хисса қўшган ижодкор, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Россия Бадиий академияси аъзоси Раҳим Аҳмедов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб, конференция доирасида дастлаб институт фойесида рассомнинг шогирдлари асарларидан ташкил топган «Раҳим Ахмедов шогирдлари» номли кўргазма ташкил этилди.

Кўргазма экспозициясидаги асарлар Раҳим Ахмедов таълимини олиб, кейинчалик ўзига хос йўналишини топа олган, Ўзбекистон рангтасвирида, ҳамда бадиий таълимда самарали фаолият юритаётган Собир Рахметов, Муҳаммадиёр Тошмуродов, Акмал Нур, Файзулла Ахмадалиев, Акмал Икромжонов каби маҳоратли рассомлар қаламига мансуб ҳисобланади.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳамда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев кўргазма иштирокчилари ҳамда юртимиз тасвирий санъат ихлосмандлари ва ижодкорларни буюк ижодкор таваллудининг 100 йиллиги ҳамда конференция очилиши билан табриклар экан, Раҳим Ахмедов нафақат рассом, балки шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам жуда катта маънавий мерос қолдиргани, ушбу меросни ўрганиш ва таҳлил этиш ўзбек рангтасвири ривожи учун жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини, шу маънода мазкур конференция бадиий таълим ривожи учун катта аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, конференция доирасида институт томонидан нашр этилган «Тасвир сeҳри ва макони» номли илк мақолалар тўпламининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу тўплам Ўзбекистон тасвирий санъат усталарининг ижоди санъатшунослар томонидан йиғилган манбалар, маълумотлар асосида шакллантирилган бўлиб, унда санъатшунос мутахассислар томонидан янгиланган илмий методология ёрдамида кам ўрганилган рассомлар ижоди ёритилган. 52 та рассомнинг ижодига оид асарлар иллюстрация сифатида тақдим этилган.

Илмий-амалий конференцияда санъатшунослик фанлари доктори, Россия Бадиий академияси аъзоси, И.Репин номидаги Санкт-Петербург бадиий академияси профессори Светлана Грачёва, санъатшунослик фанлари доктори, Қирғизистон Республикаси Миллий бадиий академияси академиги, профессор Байишбек Будайчиев, санъатшунослик фанлари номзоди, Қозоғистондаги А.Кастеев номидаги Давлат санъат музейининг бош илмий ходими Амир Джадайбаев каби халқаро миқёсдаги санъатшунослар билан бирга юртимиздаги етук мутахассислар иштирок этдилар.

Анжуманда иштирокчилар томонидан «Раҳим ахмедов ва ХХ –ХХI аср бошлари Ўзбекистон санъати», «Таниқли рассом ҳақидаги мулоҳазалар», «Рассом ва давр», «Р.Ахмедовнинг ижодий изланишларида халқ бадиий санъатининг ўрни», «Раҳим Ахмедовнинг педагогик фаолияти», «Раҳим Ахмедов асарлари хорижий музей тўпламларида», «Раҳим Ахмедовнинг бадиий меросида ижодий зиёлилар портрети» ва бошқа кўплаб қизиқарли маърузалар қилинди ҳамда рассом ҳаёти ва ижодига оид янги маълумотлар тақдим этилди.

Анжуман сўнгида иштирокчилар сертификат билан тақдирланди. Конференцияга тақдим этилган илмий мақолалар тўплам сифатида нашр этилади.