«Санъат ва дизайн» факультети талабалари учун дарс машғулотлари олиб бормоқда.

Маълумки бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида олий таълим тизимида ҳам кўплаб ўзгаришлар ва янгиланишлар амалга оширилди.

Азал-азалдан алломалар Ватани бўлган диёримизнинг илму фани, батакрор маданияти дунё халқларининг қизиқиш ва интилишларига сабаб бўлиб келмоқда. Хусусан, бугунги кунда ҳам юртимиз таълим тизимига илғор хориж таълим методлари жорий этилиши баробарида, миллий таълим тизимимиздаги ютуқлар ҳам жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида, десак асло муболаға бўлмайди.

Айни пайтда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти «Амалий графика» кафедраси доценти Серик Пирматов Беларусь Республикасининг Янка Купала номидаги Гродно давлат университети таклифига биноан мазкур олий таълим муассасасида бўлиб, «Санъат ва дизайн» факультети талабалари учун дарс машғулотлари олиб бормоқда.

Мазкур машғулотларда институт доценти Серик Пирматов Монограмма ва визиткани ишлаб чиқиш, Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини стилизациялаш, Типографиядан фойдаланган ҳолда логотип яратиш, Плакат дизайнини ишлаб чиқиш каби бир қатор қизиқарли мавзуларда маъруза қилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда машғулотлар қизғин давом этмоқда.

– Бугун юртимиз маданияти ва санъатига қизиқиш юқори эканлигини кўриб хурсанд бўлдим, – дея ўз таассуротларини баён қилди Серик Пирматов. – Албатта, ушбу машғулотлар мобайнида талабаларга Ўзбекистон санъати ва маданияти, бадиий таълим тизимининг бугунги истиқболлари ҳақида ҳам маълумот бериб бормоқдаман. Ўз ўрнида, талабалар ҳам Ўзбекистон маданияти, тарихи ва бугунги ютуқлари ҳақида кўплаб маълумотларга эга эканликларини баён қилиб, келажакда юртимизга ижодий сафар қилиш ниятлари борлигини маълум қилдилар.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, жорий йилнинг 5 март куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Янка Купала номидаги Гродно давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Юрий Белых ўртасида учрашув ўтказилган эди,

Учрашув якунларига кўра иккала олий таълим муассаси ўртасида илмий тадқиқотлар ва академик фаолиятга оид илмий тажриба ва илмий маълумотлар алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш, талабалар, магистрлар, фан докторларининг ўзаро алмашинувини ташкил этиш, биргаликда дарсликлар, ўқув қўлланмалар, маърузалар, услубий тавсиялар, илмий-амалий шарҳлар, луғатлар ва бошқаларни тайёрлаш, спорт ва маданий тадбирларни ташкил этиш каби бир қатор муҳим масалалар акс этган ҳамкорлик меморандум имзоланган эди.

Мазкур ташриф ҳамда дарс машғулотлари ушбу ҳамкорлик доирасида бўлиб ўтмоқда.