Тигран Константинович Мкртычев билан институтимизда учрашув ўтказдик.

Маълумки, жорий йилнинг 8 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида дунёга машҳур музейлардан бири – И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига ҳам ташриф буюриб, музей директори, санъатшунослик фанлари доктори Тигран Константинович Мкртычев билан ҳам учрашув ўтказган эдик.

Унда келгуси ҳамкорликка доир бир қанча муҳим масалалар муҳокама қилиниб, ҳамкорликни давом эттириш ва кейинги учрашувни Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олгандик.

Ушбу келишувга мувофиқ бугун Тигран Константинович Мкртычев билан институтимизда учрашув ўтказдик. Мазкур учрашувда институтнинг Музейшунослик кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этдилар.

Тигран Мкртычев юртимизнинг санъати ва маданияти жуда ҳам қадим тарихга эга эканлиги, бугунги кунда дунёнинг деярли барча машҳур музейларида юртимиз тарихига доир нодир буюмлар сақланаётганини таъкидлар экан хусусан, И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳам кўплаб нодир асарлар сақланишини, уларни халқимизга янада яқинроқ таништириш лозимлиги, бунинг учун эса ушбу ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Учрашув давомида кадрлар тайёрлаш, ҳамкорликда музей илмий фаолиятини ривожлантириш, биргаликда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, талабаларнинг ўқув амалиётларини ушбу музейда ўтказишларини таъминлаш, институт профессор-ўқитувчиларини музей ходимлари учун маҳорат дарслари ва маърузалар ўтишларини ташкил этиш ва бошқа бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилидик.

Шунингдек, институтимиз ҳамда музей ўртасида ҳамкорлик меморандум имзоланди.

Унга кўра ҳамкорликда қўшма лойиҳалар яратиш ва амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини инновацион асосда миллий иқтисодий ислоҳотлар амалиётига татбиқ этиш, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш ва олиб бориш, долзарб муаммоли мавзулар бўйича илмий ишлар тайёрлаш ва нашр этиш, семинар ва конференциялар ташкил этиш, инновацион маҳсулотни яратиш ва татбиқ этиш бўйича биргаликда фаолият юритиш ҳамда инновацион гуруҳлар шакллантириш, институт педагог ходимлари, таянч докторантура ва мустақил изланувчиларнинг стажировкасини ҳамда бакалавриат ва магистратурада таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётларини музейда ташкил этиш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида музейда фаолият олиб бораётган етакчи ходимларни ўқув жараёнига жалб этиш каби бир қанча ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Айтиш ўринлики, ушбу ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши музейшунос кадрларни тайёрлаш назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, хусусан музей реставрация лабораториясидаги жараёнлар билан яқиндан танишиш, музей фонд заҳирахонасига оид ҳужжатлар билан ишлаш, экспозиция яратиш жараёнларини ўрганиш, шу билан бирга музей ходимларини илмий фаолиятга йўналтириш, таълим тизимида соҳага кириб келаётган ислоҳотлар билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, санъат aсарларини музейлар фондига тўплаш, консервация ва реставрация қилиш, уларни томошабинга намойиш этиш масаласи музей ходимларидан назарий ва амалий кўникмаларни талаб этади.


Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори