“Ўзбекистон амалий санъати” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Бугун Ўзбекистон Бадиий академияси Анжуманлар залида «Замонавий амалий санъат: декор ва услуб» деб номланган III Тошкент Халқаро амалий санъат биенналеси doirasida “Ўзбекистон амалий санъати” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон амалий санъати жуда бой ва ранг-баранг бўлиб, у узоқ тарихга эга. Қадимги ва замонавий ўзбек усталари – ҳунармандларнинг кулолчилик, гиламчилик, ипакчилик, каштадўзлик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, заргарлик, кандакорлик, наққошлик ва бошқа соҳалардаги энг сара асарлари ўзбек амалий санъатининг ҳар бир тарихий даврдаги ривожланиш босқичини намоён этади.

Бугунги кунда халқимизнинг миллий маданияти, анъаналарини эъзозлашга, шунингдек, анъанавий ҳунармандчиликни авайлаб-асрашга қизиқиш ва эътибор кучайди. “Устоз-шогирд” тамойилига асосланган ёш уста-ҳунармандларни тайёрлаш мактаблари қайта жонланди, Ўзбекистонда амалий санъатнинг деярли унутилаёзган турлари ҳам қайта тикланди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида , “San’at” журнали нашриёти томонидан тайёрланган “Ўзбекистон амалий санъати” номли китоб альбом (ўзбек, рус, инглиз тилларида нашр этилган мазкур китоб альбом муаллифи – санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Бинафша Нодир) юртимиз амалий санъатининг кеча ва бугуни ҳақида ҳикоя қилади. Соҳада фаол ижод қилиб келаётган уста-ҳунармандлар ва улар асарлари намуналари билан таништиради.

Китоб Ўзбекистон амалий санъатининг 12 асосий турини ўз ичига олган бўлиб, юртимизнинг энг етакчи 84 нафар уста-ҳунармандларнинг асосан сўнгги йилларда яратган ижодий асарлари киритилган.

Тақдимотда сўзга чиққанлар китобнинг аҳамияти ҳақида сўз юритишар экан, китоб юртимиз амалий санъати ривожида муносиб ўрин эгаллашига ишонч билдиришди ҳамда китоб муаллифи, унинг чоп этилишида хизмат қилган барча ижодкорларга миннатдорчилик билдириб ўтди.
Ўйлаймизки, қимматли маълумотларни ўзида жамлаган ушбу китоб альбом халқимиз амалий санъатини ўрганиш истагидаги ҳар бир кишига муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Юртимиз ва хориждан кўплаб таниқли ижодкорлар, мутахассислар ҳамда санъат ихлосмандларини жам қилган ушбу тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг педагогик жамоаси ҳам фаол иштирок этди.

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори