«Ижодкор талабалар» фестивали давом этмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Халқаро талабалар куни муносабати билан ўтказилаётган «Ижодкор талабалар» фестивали давом этмоқда.

Жумладан, ушбу фестиваль доирасида институтнинг ижодкор талаба-ёшлари томонидан яратилган тасвирий ва амалий санъат асарларини ўзида жам этган «Талабалар ташаббуси» номли кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир аввалида институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ҳабибулло Ражабов талаба-ёшларни фестиваль ҳамда кўргазманинг очилиши билан муборакбод этар экан, ушбу кўргазмада юксак савияли асарлар намойиш этилаётгани, бу сўнги йилларда юртимизда бадиий таълим ривожига берилаётган эътибор самараси эканлигини, бугун ижод оламига дадил қадамлар билан кириб келаётган ушбу ёшлар келажакда Янги Ўзбекистон санъати ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган етук ижодкор бўлишларига ишонч билдирди ҳамда институт раҳбарияти ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглашга ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлигини баён этди.

Кўзгазмада талаба-ёшлар ижодига мансуб «Оқ сарой», “Ўзбек аёли тимсоли”, «Кузги натюрморт», «Беғубор болалик», «Кулол» ва бошқа номдаги 70 га яқин тасвирий ва амалий санъат намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.