Малик Набиев таваллудининг 105 йиллигига хонадонида мемориал ёдгорликнинг очилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, шу кунларда юртимиз бўйлаб Ўзбекистон халқ рассоми, профессор, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, қатор давлат мукофотлари лауреати, буюк аждодларимизнинг образларини ва замондошларимизнинг мукаммал портретларини яратган ўзбек рангтасвирининг етук намоёндаси Малик Набиев таваллудининг 105 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Айни шу тадбирлар доирасида бугун рассом хонадонида мемориал ёдгорликнинг очилиши бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари – Алишер Мирзаев, Акмал Икрожонов, Саъдулла Абдуллаевлар ҳамда рассомнинг яқинлари, шогирдлари, санъатшунос мутахассислар иштирок этиб, Малик Набиев ҳақидаги хотираларини баён қилар эканлар, у нафақат рассом, балки шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам жуда катта маънавий мерос қолдиргани, шу маънода унинг ижодини бугунги ёшлар учун ибрат сифатида кўрсатиш, янада кенг тадқиқ этиш лозимлигини ҳамда бугун рассомнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини ўрганишга қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини таъкидлашди.
Шунингдек, рассом нафақат ижодкор сифатида, балки педагог сифатида ҳам санъат ва маданият ривожи учун беқиёс ҳисса қўшганини, унинг шогирдлари орасида кўплаб эл ардоғидаги ижодкорлар етишиб чиққанини қайд этиб ўтишди.

Ушбу тадбирда бошқа кўплаб таниқли олимлар, ёзувчилар, ижодкорлар қаторида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети хамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг педагогик жамоаси вакиллари ҳам иштирок этди.

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори