Миллий рейтинги эълон қилинди.

Маълумки, юртимизда Олий таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим сифатини янада юқори босқичга олиб чиқиш ва уларни халқаро рейтингларга киришига ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан сўнгги тўрт йилда олий таълим муассасаларининг Миллий рейтинги эълон қилиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг 2020 йил учун Миллий рейтинги эълон қилинди.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ушбу рейтинг натижаларини таҳлил этиш ҳамда институтда профессор-ўқитувчилар илмий фаолияти, ўқув-методик ишларни мувофиклаштириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Мажлис аввалида юртимизда кейинги икки кунда кучли шамол туфайли мавсумга хос бўлмаган чанг-тўзонли ноқулай об-ҳаво кузатилаётгани, шунингдек, коронавирус пандемияси тўлиқ чекинмагани сабабли ҳар бир инсон ўзини эҳтиёт қилиши лозимлиги, шифокор-мутахассислар томонидан берилаётган барча тавсияларга амал қилиш, айниқса, талаба-ёшлар ўртасида бу борада тушунтириш ишларини олиб бориш ва тьюторлар масъулиятини янада ошириш лозимлиги эслатиб ўтилди.

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида олий таълим тизимида улкан ўзгаришлар рўй бераётгани алоҳида қайд этилиб, бизнинг олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда институтда таълим сифатини янада яхшилаш, илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ва бу орқали юртимиздаги бадиий таълим ривожига ўз ҳиссамизни қўшиш, ёш ижодкор кадрларни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар руҳига мос тарбиялаш эканлиги таъкидланди.

Институтнинг Миллий рейтинг кўрсаткичлари бир мунча яхшилангани эътироф этилиш баробарида, 2021 йил учун тузилажак рейтинг натижаларида салоҳиятни янада ошириш учун қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам алоҳида эътиборга олинди.

Институтимиз санъат, маданият ва спорт соҳалари бўйича олий таълим муассасалари рейтингида етакчи поғоналарда қайд этилган бўлса, умумий рейтингда эса 33-ўринда қайд этилди (2019 йилги Миллий рейтингда 36-ўрин).

Шунингдек, йиғилишда Миллий рейтинг талаблари асосида жорий йилда институит миқёcида амалга оширилаётган ишлар, ютуқ ва камчиликлар, келгуси режалар ҳам батафсил таҳлил қилинди.

Хусусан, институтнинг илмий салоҳиятини ошириш, йил якунига қадар институт ҳузуридаги илмий Кенгашда диссертация ҳимояларини ўтказиш, халқаро ҳамда юртимиздаги журналларда илмий мақолалар сонини ошириш, соҳалар буюртмалари асосида ўтказилган тадқиқотлардан ҳамда давлат грантлари асосида ўтказилган тадқиқотлардан олинган маблағлар ҳажмини кўпайтириш, нашр этилган монографиялар, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, халқаро конференция ва семинарларда, илмий ёки таълим лойиҳаларида (хорижий, қўшма) иштирок этган талабалар ва профессор-ўқитувчилар сонини, шунингдек, спорт клубига аъзо бўлиб, ташкил этилган спорт секцияларида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчи спорт таснифига (спортчи разрядлари) эга бўлган талабалар сонини ошириш ва бошқа бир қатор муҳим омиллар муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда иштирок этган барча факультет деканлари, кафедра мудирлари ҳамда бўлим бошлиқлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори