Йигитали Турсунназаров 80 ёшни қарши олди.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида узоқ йиллардан буён ёшларга устозлик қилиб келаётган маҳоратли педагог, ўзбек тасвирий санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиган ижодкор, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Йигитали Турсунназаров 80 ёшни қарши олди.

Шу муносабат билан устознинг ижодий устахонасига бориб уларни чин дилдан самимий муборакбод этдик.

Таниқли ижодкор Йигитали Турсунназаров 1941 йил 13 декабрь куни Фарғона вилоятида тавваллуд топган.
1973 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини Рангтавирчи рассом йўналишини тугатган. 1999 йилдан эътиборан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида фаолият олиб бормоқда.

У педагогик фаолияти билан бир қаторда, ижодий ишлари билан Ўзбекистонда ҳамда бир қатор ҳамдўстлик давлатлари ва чет мамлакатларда шахсий кўргазмаларини ўтказди.

Жумладан, 1991 йил Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳридаги маданий марказ залида «Ўзбекистон рассоми» номли кўргазмаси билан, 1994 йилда Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги Рой Мелис картина галереясида шахсий кўргазмаси билан, 1995 йилда Буюк Британиянинг Кардаган шаҳридаги Бай Френм картина галереясида Ўзбекистоннинг беш нафар рассомлари билан биргаликда ташкил қилинган кўргазмаси билан, 2008 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги «Орол кўз ёшлари» номли кўргазмалари билан ижодий фаолиятини бойитиб бормоқда.

Рассомнинг ижодий ишлари нафақат юртимиз ва дунёнинг энг нуфузли галерея ва музейларида сақланади.
«Хижрон», «Хаёл», «Сўнги мактуб» «Раҳим Ахмедов» портрети, «Жийда гуллари» каби асарлари Ўзбекистон Давлат санъат музейида, «Юлдузхон» портрети Россия Давлат Третьяковский картина галереясида, «Абдураззоқ ота» ва “Жаҳон чемпиони Собир Рўзиев портретлари Россия бадиий фондида, «Анор» натюрморти Япониянинг Я.Камора музейида сақланмоқда.

Институт жамоаси ва шахсан ўз номимдан устозни яна бир бор қутлуғ ёшлари билан муборакбод этаман ҳамда узоқ умр, сиҳат-саломатлик ҳамда улкан ижoдий ютуқлар тилаб қоламан.

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий
рассомлик ва дизайн институти ректори