Нидерландиянинг Лейден университети билан ҳамкорликда “Темурийлар даври меъморлиги” мавзусидаги онлайн семинар ўтказилди.

Айни пайтда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида қишки таътил даврида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари ҳамда қўшимча билим ва кўникмаларни ўзлаштиришларига имконият яратиш мақсадида туркум тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, бугун Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Дилафрўз Қурбонова ташаббуси билан талаба-ёшлар учун Нидерландиянинг Лейден университети билан ҳамкорликда “Темурийлар даври меъморлиги” мавзусидаги онлайн семинар ўтказилди.

Семинарда Нидерландиянинг Лейден университети профессори Елена Паскалева ўз маърузасида темурийлар даврида яратилган мероснинг нафақат Шарқда, балки Ғарб давлатларида ҳам катта қизиқиш билан ўрганиб келинганлиги ва бугунги кунда ҳам бу давом этаётганлигини баён қилиб, бевосита ўзи олиб борган илмий тадқиқотларда топилган муҳим маълумотлар билан ўртоқлашди.

Шунингдек, темурийлар даврида яратилган кўплаб осори атиқалар, тарихий буюмлар дунёнинг кўплаб музейларида ноёб экспонат сифатида сақланиб келинмоқда. Уларни янада кенг тадқиқ қилиш, ўрганиш ҳамда бу изланишлар ҳақида кенг оммага кўпроқ маълумот бериш лозимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, онлайн семинар иштирокчилари томонидан берилган барча саволларга ҳам батафсил жавоб бериб борилди.