Икки бебaҳо адиблар деб номланган бадиий кеча ташкил этилди.

Бугунги кунда юртимизда инсон қадрини улуғлашга, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий урф-одат ва қадриятларимиз нуқтайи назаридан халқимиз турмуш тарзида маҳалланинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Шунинг учун Давлатимиз Раҳбари томонидан айнан маҳаллаларни ободлигини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2022-йилга ҳам “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея ном берилишида ҳам айни шу икки жиҳат эътиборга олинган, десак муболаға бўлмайди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳам атрофдаги маҳаллалар билан фаол ҳамкорлик алоқаларига эга бўлиб, Миробод туманида жойлашган Билимдон, Миробод, Байналминал ҳамда Яккасарой туманида жойлашган Абдулла Қаҳҳор, Бобур, Дамариқ маҳалла фуқаролар йиғинлари бевосита институтга бириктирилган.

Бугун институтнинг Санъатшунослик ва музейшунослик факультети томонидан Абдулла Қаҳҳор маҳалласи билан биргаликда маҳалла аҳли учун “Умуминсоний қадриятлар: икки даҳо, икки бебaҳо адиблар мисолида” деб номланган бадиий кеча ташкил этилди.

Тадбир аввалида факультет декани Сайёра Саидова сўзга чиқиб, бугун институт ва мазкур маҳалла ўртасидаги ҳамкорлик жуда ҳам мустаҳкамланиб, кўплаб жабҳаларда самарали давом этаётгани, ўзи ҳам институт вакили сифатида маҳалла аҳли билан яқиндан танишиб, қадрдон бўлиб улгурганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси мудири, Навоийшунос олима Назокат Жўраева Aлишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодидан инсонийликни, инсон қадрини улуғлаш бобида баён этилган ҳикматлар, рубоий ва ғазаллардан намуналар келтириб ўтди.

Тадбирда буюк боболаримизнинг таваллуд кунларига бағишлаб талабалар томонидан ғазал ва рубоийлар ижро этилди. Шунингдек, тадбир давoмида янграган куй-қўшиқлар ва ажойиб миллий рақслар йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Институт талабалари ва профессор-ўқитувчилари томонидан тарихий мавзуда яратилган ижодий ишлар кўргазмаси ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир якунида маҳалла раиси Феруза Арипова институт томонидан маҳалла фуқароларини ҳар томонлама қўллаб-кувватлаш борасида кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирди ҳамда ушбу ҳамкорлик маҳалла фуқаролари, айниқса, ёшлар учун жуда ҳам манфаатли бўлаётганини таъкидлади.