“Умуминсоний қадриятлар: икки даҳо, икки бебаҳо адиблар мисолида” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Мана орадан беш асрдан ортиқ вақт ўтибдики улуғ мутафаккир боболаримиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси бутун дунёни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат ва меҳр-мурувват нурини таратиб келмоқда. Шу кунларда юртимизда Алишер Навоий таваллудининг 581 ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Бугун (11 февраль) Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ушбу саналар муносабати билан Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ҳамда “Ўзбек ва ҳорижий тиллар” кафедраси томонидан “Умуминсоний қадриятлар: икки даҳо, икки бебаҳо адиблар мисолида” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир аввалида Тошкент Давлат Шарқшунослик yниверситети Навоийшунос олимаси Малоҳатхон Пўлатова ўзбек адабиётининг устунлари бўлмиш буюк боболаримизнинг ижодий меъросини чуқур ўрганиб, ўзлаштирган билим ва кўникмалари тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, ўзи тадқиқот олиб борган “Aрбаин” асари ва унинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида институт талабалари томонидан ғазалхонлик ва мушоира чиқишлари, шунингдек, миллий рақслар гулдастаси тақдим этилди. Тадбир мобайнида фаол иштирок этганлар фаxрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Байрамона шукуҳда ўтган тадбир институт ҳовлисида давом этди. Тасвирий санъат факултетининг ижодкор ва истеъдодли ёшлари томонидан Навоий ва Бобур илмий-ижодий меъроси, тарихий тақдир йўлларига бағишланган “Ижодий ишлар танлови” бўлиб ўтди. Танловда талабалар рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик йўналишларида ўз ижод намуналарини тақдим этишди.

Халқимиз маънавий дунёсининг юксалишига улкан ҳисса қўшган икки буюк шахс – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир барчанинг қўнглидан чуқур ўрин эгаллаганлиги шубҳасиз.