“Сен азиз ва муқаддассан, мўътабар аёл” номли байрам тадбири ташкил этилди.

Баҳор фасли гўзал байрамлари билан қадрли. Мана шундай гўзал байрамлардан бири – 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунидир. Ушбу байрамда мунис аёлларга байрамона кайфият улашиш, уларни байрам билан қутлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти томонидан институтда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар учун “Сен азиз ва муқаддассан, мўътабар аёл” номли байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбир аввалида ташриф буюрган барча аёллар – институт профессор-ўқитувчилари ҳамда ходимлари ҳурмат ва эҳтиром ила кутиб олинди.

Байрам дастурини институт ректори Аббосжон Мирзораҳимов очиб бериб, Халқаро хотин-қизлар куни билан институтдаги барча мунис ва мўътабар аёлларни
самимий табриклади ва аёллар келажак давомчилари, миллатимиз фахри эканлигини, уларга қилинаётган ғамхўрлик, келажагимизга бўлган эътибор эканлигини мамнуният билан таъкидлади.

Шундан сўнг, таниқли хонанда Аслиддин Дўстов, Ниҳол мукофоти совриндори Самандар Абдураззоқов, Республика кўрик-танловлар ғолиблари Насиба Собирова, Бекзод Жўраев ва Мунис, Улуғбек Ҳафизов, Азизхон Ойтўраев, Воҳид Самадов, Дурдона Очилдиева, Хушнуд Холмуродов, Аббос Абдуллажоновлар, шунингдек, “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблининг бири-биридан ажойиб, шўх куй-қўшиқлари йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Азиз ва дилбар опа-сингиллар, муҳтарама аёллар! Институт раҳбарияти сизларни нафосат ва гўзаллик айёми – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан самимий муборакбод этади. Ҳар бирингизга севимли ва вафодор ёр, меҳрибон она, яқинларингиз ардоғида бўлиб юриш насиб этсин!

Байрамингиз муборак бўлсин!