Зарина Ҳусенованинг “Миллий мерос ва замонавий нигоҳ” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Амалий санъат ва дизайн факультети 3-босқич талабаси Зарина Ҳусенованинг “Миллий мерос ва замонавий нигоҳ” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда институт ректори Аббосжон Мирзорахимов ёш ижодкорни бугунги кўргазмаси билан самимий табриклар экан, юртимизда ёшларга улкан имкониятлар яратилаётганини ва айнан Зарина каби ёшларимиз ўз истеъдоди ва тинимсиз изланишлари билан бундай имкониятлардан унумли фойдаланаётганлигини мамнуният билан таъкидлаб, ёш ижодкорни сертификат ва совғалар билан тақдирлади.

Мазкур кўргазма ёш ижодкорнинг илк шахсий кўргазмаси бўлиб, экспозицияда унинг “Анор”, “Мустаҳкам оила”, “Табадони”, “Усмоний”, “Камалак”, “Товус”, “Анор гули”, “Қалампир” каби 50 дан ортиқ тасвирий ва амалий санъат асарлари, либос коллекцияси ва ҳаттотлик ишлари ўрин олган.

– Бугун мен учун жудаям ҳаяжонли кун бўлди. Бу кунларга етиш менинг орзуим эди. Болалигимдан шу институтда ўқишни шунчалар истаган эдим-ки, ҳаттоки 3 йил давомида ўқишга киролмаган бўлсам-да, ўз мақсадим ва орзуимдан ортга чекинмадим. Аксинча, яна-да қатъийроқ ҳаракат қилдим. Ниҳоят 4 йили севимли институтимга ўқишга қабул қилиндим.
Ушбу кўргазмада менинг етти йиллик меҳнатим ўзини намоён қилиб турибди. Ҳар бир яратаётган асарларимда – у кичикми, каттами, барчасида онамнинг берган маслаҳатлари, йўл-йўриқлари акс этиб туради. Сабаби ипларни бир-биридан фарқлашдан тортиб, уларнинг бир текис ва равон, ўз шаклини аниқ намоён этган ҳолда тикишни онамдан ўргандим.
Айни дақиқаларда мен яна бир орзуимнинг рўёбини кўряпман. Илк кўргазмамнинг ташкил этилишида ўз ёрдамларини аямаган институт раҳбариятига, таълим бераётган устозларим ва курсдош дўстларимга, ҳамда турмуш ўртоғимга ўз миннатдорлигимни билдираман, – деди Зарина ҳаяжон билан.

Заринанинг бир-биридан ажойиб асарлари институтнинг кўргазмалар залида ўзгача жозиба ва чирой бахш этиб турибди. Келиб албатта, ўз кўзингиз билан кўриб, завқланинг!