ҲАРАКАТ – ИМКОНИЯТ КАЛИТИ

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Амалий санъат ва дизайн факультети 3-босқич талабаси Зарина Ҳусенова:

– Бугун менинг “Миллий мерос ва замонавий нигоҳ” номли шахсий кўргазмам очилди. Жудаям ҳаяжондаман. Бу кунларга етиш – менинг орзуим эди. Болалигимдан шу институтда ўқишни шунчалар истаган эдимки, ҳаттоки 3 йил давомида ўқишга киролмаган бўлсам-да, ўз мақсадим ва орзуимдан ортга чекинмадим. Аксинча, яна-да қатъийроқ ҳаракат қилдим. Ниҳоят 4-йили севимли институтимга ўқишга қабул қилиндим.
Ушбу кўргазмада менинг етти йиллик меҳнатим ўзини намоён қилиб турибди. Ҳар бир яратаётган асарларимда – у кичикми, каттами, барчасида онамнинг берган маслаҳатлари, йўл-йўриқлари акс этиб туради. Сабаби ипларни бир-биридан фарқлашдан тортиб, уларнинг бир текис ва равон, ўз шаклини аниқ намоён этган ҳолда тикишни онамдан ўргандим.
Айни дақиқаларда мен яна бир орзуимнинг рўёбини кўряпман…
Илк кўргазмамнинг ташкил этилишида ўз ёрдамларини аямаган институт раҳбариятига, таълим бераётган устозларим ва курсдош дўстларимга, ҳамда турмуш ўртоғимга ўз миннатдорлигимни билдираман!
Тенгдошларимга айтадиган биргина гапим бор: Ҳар бир қилаётган ҳаракатимиз имкониятларимиз калитидир. Шунинг учун ҳам интилишдан асло тўхтамайлик!