Аббосжон Мирзораҳимов Нилуфар Аҳмадалиевани ушбу ютуғи билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги Қарорига асосан кўплаб иқтидорли ва интилувчан қизлар қаторида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультети 4-босқич талабаси Нилуфар Аҳмадалиева ҳам ушбу юксак эътирофга сазовор бўлди.

Шу муносабат билан мазкур институт ректори Аббосжон Мирзораҳимов Нилуфарни ушбу ютуғи билан алоҳида табриклади ҳамда бундай иқтидорли ёшларимиз ўз интилиш ва изланишлари орқали нафақат институтимиз, балки юртимиз ёшлари учун ҳам намуна эканлигини таъкидлаб ўтди.

Нилуфар ўзининг энг улуғ орзуларидан бири – Зулфияхонимдек улуғ сиймога издош бўлиш орзуси амалга ошганини, бунда эса институтда таълим бераётган устозларининг ўрни беқиёс эканини айтиб, институт раҳбариятига самимий миннатдорлигини билдирди.

— Бугун мен жуда ҳаяжондаман. Президентимиз қўлидан мукофотни қабул қилиб олиш улкан қувонч бахш этди. Мукофот ижодий баркамолликка эришишим, яна-да катта марраларни эгаллашимда куч ва ғайрат бағишлади. Хотин-қизларга, аёлларга мана шундай юксак ҳурмат билан қараладиган гўзал юртда яшашнинг ўзи улкан бахт, туганмас бойлик. Шундай эзгуликдан қад кўтарган халқимнинг ишончини астойдил оқлашга ваъда бераман, – дея ўз таассуротларини баён этди Нилуфар Аҳмадалиева.

Биз ҳам истеъдодли талабамизга доимо омад ҳамроҳи бўлишини тилаб қоламиз!