“9-май Халқаро хотира ва қадрлаш куни” га бағишланган “Эслаб…” мавзусида хотира кечаси

2019 йил 8 май куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий расомлик дизайн институтининг Санъатшунослик факультетида  “9-май Халқаро хотира ва қадрлаш куни” га бағишлаб “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси” томонидан “Эслаб…”  мавзусида хотира кечаси  ўтказилди.    

Ўзбекистон санъатшунослиги ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб ривожланиб келмоқда. Тасвирий ва амалий санъат соҳаларидаги мутахассислар, олимларнинг ўрни беқиёсдир. Г.А.Пугаченкова, Р.Ремпель, Л.В.Шостко, В.Лаковская, А.Умаров, Р.Х.Такташ, Г.И.Бабаджанова, Н.Абдуллаев, Ш.С.Ғуломова каби марҳум олимлар томонидан амалга оширилган илмий меҳнатларнинг санъатшуносликдаги ўрни катта ва номлари барҳаётдир. Улар томонидан чоп этилган илмий адабиётлар ҳанузга  қадар илмий муомалада ва номлари абадий қолади. 

“Эслаб…” хотира тадбири “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси профессор-ўқитувчилари иштирокида ўтказилиб, унда ҳар бир профессор-ўқитувчи бир олим ҳақида маъруза билан иштирок этди. Ҳар бир маъруза ниҳоясида тадбир иштирокчилари томонидан номлари тилга олинган олим ҳақида қўшимча  қатор фикрлар ва ёрқин хотиралар сўзлаб ўтилди.

Санъатшунослик факультети декани Б.Сангиров ушбу хотира кечасини кириш сўзи билан очиб берди. Тадбир модератори “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси доценти, санъатшунослик фанлари номзоди Равшан Саъдуллаевич Фатхуллаев хотира кечасини ўзининг талабалик йилларидан бошлаб, номлари ёдга олинаётган проффесор-ўқитувчилари фааолияти билан боғлиқ ўчмас хотираларини кенг таассуротлар асносида баён этиш билан бошлаб берди. Маърузачилар “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси мудири Обиджон Абдуллаев “Ўзбекистон санъатшунослиги намоёндалари”, “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси  катта ўқитувчиси Шухрат Абдуллаев – “Н.А.Абдуллаевни хотирлаб…”, Равшан Фатхуллаев – “Л.В.Шосткони хотирлаб…”, Нигора Култашева, Дармон Курязова – “Г.И.Бабаджановани хотирлаб…”, Фарида Максумова – “А.Умаровни хотирлаб…”, Дилзода Алимкулова – “Р.Х.Такташни хотирлаб…”, мавзуларида  қизиқарли маърузалар қилдилар. Маърузачилардан ташқари тадбирда иштирок этаётган “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси, “Музейшунослик” кафедраси ўқитувчилари ҳам марҳум педогог-олимларимизнинг институтдаги фаолияти билан боғлиқ таассуротларини слайд асосида фотосуратлар намойиш этиш орқали хотирлаб ўтдилар.

Бундан ташқари Ўзбекистон санъатшунослигида ўз илмий адабиётлари билан ўчмас из қолдирган олимларнинг жамланган илмий адабиётлари асосида кўргазма  ташкил этилди.