“Оила муқаддас” мавзусида давра суҳбати


Ўзбекистон республикаси Бош вазирининг ўринбосари томонидан тасдиқланган  “2019 йилда 15 май – Халқаро оила кунини республиканинг барча ҳудудларида кенг нишонлаш, оилалалр мустаҳкамлигини таъминлаш, оилада маънавий –аҳлоқий қадриятларни қарор топтириш, жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини тарғиб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Милиий рассомлик  дизайн институтида 2019 йилнинг 16 май куни Бошланғич хотин-қизлар кенгаши, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази катта илмий ходими, психология фанлари номзоди   Феруза Акмаловна Акрамова ҳамкорлигида “Оила муқаддас” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

  Талабалар билан ўтказилган давра суҳбатини институт хотин-қизлар кенгаши раиси Отажонова Одина очиб берди. У йиғилган талабаларга бугунги суҳбат меҳмони – Феруза Акмаловна Акрамовани таништирди ва унга сўз берди.  Феруза Акмаловна ёш йигит ва қизларни аввало 15 – май Халқаро  оила куни муносабати билан табриклаб,  оиланинг жамиятимиздаги юксак мақоми,  унга берилаётган катта аҳамиятнинг бугунги кунимиз учун қанчалар долзарблиги ҳақида тўлқинланиб сўзлади.

          –  “Оила- Ватан ичра ,кичик Ватан” дея урғу берди Феруза  Акрамова

Суҳбат давомида Феруза  Акрамова талабалар гуруҳининг икки жинс аъзоларидан ташкил топгани, уларнинг айнан никоҳ ёшида эканликлари учун бугунги суҳбат мавзусини оила, никоҳ, ёшлар орасидаги севги-муҳаббат муносабатлари ҳақида ўтказиш мақсадга мувофиқлигини айтиб, оиланинг муқаддаслиги, унинг жамиятимизнинг кичик ячейкаси сифатида жамият ривожидаги ўрни, жамиятдаги  соғлом муҳитни таъминлашдаги аҳамияти ҳақида сўз бошлади. Муқаддас саналмиш оила қўрғонининг мустаҳкам бўлиши жамиятнинг ҳар бир соҳасига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши,  соғлом оила аъзолари, хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик, уларнинг ҳар бир иши, кайфияти айнан ўз оиласидаги муҳитга боғлиқлигини тушунтирди.

 Ҳар қандай  инсонда энг аввало, оила тинч бўлса,   кайфияти яхши бўлади, иши унумли, бошлаган ишининг натижаси кўнгилдагидек бўлади. Чунки инсон ҳақиқий халоватни биринчи навбатда ўз оиласидан олади. Оиладаги катталар орасидаги муносабатлар унда вояга етаётган фарзандларга жуда катта таъсир кўрсатади. Носоғлом муҳитга эга оиладан носоғлом, тарбиясиз фарзандлар етишиб чиқади. Оила катталари, эр-хотин фарзанд тарбиясидек масъулиятли ишга ҳар томондан жиддий қарасаларгина, ўз оилаларида доимо тинч,  хотиржам турмушни таъминлашга ҳаракат  қиладилар. Бунинг учун эр ҳам, хотин ҳам ўзининг оиладаги ўрнини яхши билиши, ўз масъулиятини ҳис қилиши керак. Ахир, бежизга айтишмайди, оилани тарбия ўчоғи деб.

Мана шундай рисоладагидек оилаларнинг кўпайиши бугунги кунда оила қуриш ёшида бўлган ёш йигит-қизларимизнинг олган таълим-тарбияси, уларнинг оила ҳақидаги билимларни қай даражада билишларига, оилавий муносабатларга қай даражада жиддий қарашларига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Ушбу давра суҳбати мана шундай долзарб мавзу юзасидан бўлиб ўтди.  Психолог Феруза Акмаловна ёшларимизни оилавий муносабатларга тайёрлаш, оиланинг оғир-енгилига жиддий қараш, сабр-тоқатли, кези келганда бардошли бўлиш нақадар муҳим эканлигини давра суҳбати иштирокчиларига қизиқарли тарзда тушунтиришга ҳаракат қилди. Суҳбатнинг ўта жиддийликдан бироз чекланиб, эркак ва аёл, қиз ва йигит орасида бўладиган ҳаётий муносабатларга тааллуқли турли ривоят-афсоналар  билан ҳамоҳангликда олиб борилиши ёшларни қизиқтириб қўйди.

Суҳбат тажрибали психолог ва талаба ёшларнинг қизғин савол-жавоби тарзида якунланди. Суҳбатда иштирок этган  институт фаоллари, хотин-қизлар кенгаши раиси Отажонова  Одина, институт  маънавият-маърифат бўлими бошлиғи Расульмуҳаммедова  Санобар, Тасвирий санъат факультети хотин-қизлар кенгаши раиси Мирзаҳошимова Нафиса, институт матбуот котиби Ойша Раҳманова  ҳамда йиғилган  талабалар Феруза Акмаловнага қизиқарли суҳбат учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.